Шимолий Афғонистон: Тошқин қурбонлари сони янада ортган

  • 26 Апрел 2014

Шанба кунига келиб, пайшанба тунги ҳалокатли сув тошқинлари қурбонларининг сони биргина шимолий вилоятларнинг ўзида 125 кишига етган.

Ҳалиям ўнлаб кишиларнинг дараги йўқ. Қурбонлар сони бундан-да ошиши кутилмоқда.

Табиий офат, айниқса, ўзбеклар зич яшовчи Жаузжон, Фарёб ва Сарипулда жуда оғир кечган.

Ҳалиям энг катта сондаги қурбонлар Жаузжонда қайд этилмоқда.

Бугунга келиб уларнинг сони олтмишдан ортган. Саксонга яқин кишининг эса, дараги йўқ.

Иккинчи кундирки, вилоятда ўз уйлари томларида қолиб кетган минглаб кишиларни қутқариш ишлари давом этмоқда.

Биз Жаузжон ҳокими Боймурод Қўйинли билан боғланиб, сўнгги тафсилотларни сўрадик:

Бугун Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай қурбонлар яқинларига ўз таъзиясини изҳор этган ва афсус-надоматларини билдирган.

Жаноб Карзай масъул идоралардан табиий офат жабрдийдаларига зудлик билан ёрдам беришларини сўраган.

Афғон раҳбари зарар кўрган ҳудудлардаги вазиятни яқиндан ўрганиш учун у ерларга ўз муовинини ҳам юборишга қарор қилган.

Агар, сўнгги маълумотларга таянилса, Фарёб Афғонистон шимолини ўз забтига олган сўнгги ҳалокатли сув тошқинларидан энг кўп жабр кўрган иккита вилоятдан биттаси бўлиб чиққан.

Бу ердаги қурбонларнинг сони ўттиздан ортган. Ўнлаб одамлар яраланган.

Минглаб хонадонлар жабр кўрган, икки мингдан ортиқ ҳовли-жой вайрон бўлган.

Биз сув тошқинларидан жабр кўрган сатҳлардаги сўнгги вазиятни билиш учун аввалроқ вилоят кенгаши котиби Ҳожи Абдул Боқий жаноблари билан боғлангандик:

Сўнгги хабарларга кўра, Жаузжон ва Фарёб каби пайшанба тунги сув тошқинларидан жиддий жабр кўрган шимолий Сарипул вилоятида ҳам қурбонлар сони кескин ортган.

Ҳозирга келиб уларнинг сони олтитадан қарийб ўттизга етган. Ўнлаб кишиларнинг ҳануз дараклари йўқ.

Табиий офатдан икки кун ўтган эса-да, бу уч вилоятда ҳам минглаб жабрдийдаларнинг, ҳатто, фавқулодда ёрдамга эҳтиёжлари борлиги айтилади.

Биз бугунги вазиятни билиш учун аввалроқ сарипуллик парламент вакили Сайид Анвар Саодат билан боғлангандик:

Афғонистон парламентининг шанба кунги мажлисида вакиллар инсоний талофатларнинг қанчалик катта эканини назарда тутиб, ҳукуматдан бир кунлик мотам куни эълон этишини сўрашган.

Айрим вакиллар эса, ярим ёки бир ойлик маошларини сув тошқинлари жабрдийдаларига кўмак учун ажратишларини билдиришган ва бошқаларни ҳам бунга сафарбар қилиш ҳаракатига тушишган.

Табиий офатдан жиддий зиён кўрган бу уч вилоятда кимликлари аниқланган қурбонлар жасадларини дафн этишга ҳам киришишган.

Бу мавзуда батафсилроқ