Владимир Кличко иштирокидаги чемпионлик беллашуви Россияда кўрсатилмади

26 апрелда Олмониянинг Оберхаузен шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпиони, украиналик Владимир Кличко ва австралиялик Алекс Леапаи ўртасида IBF, WBA, WBО, IBO таснифлари бўйича чемпионлик беллашуви бўлиб ўтди.

Жанг тўлиқ Владимир Кличко устунлигида ўтди ва 5-раунддаёқ Алекс Лепаини нокаутга учратди.

Украиналик боксчи саккиз йилдирки чемпионлик камарини муваффақиятли ҳимоя қилиб келади. Леапаи билан жанг Кличконинг профессионал карьерасида 65-си саналади.

Бокс кечаси 150 дан ортиқ мамлакатга транслация этилган. Бироқ Россияда ушбу беллашувни кўрсатмасликка қарор қилинган.

Олдинроқ Владимир Кличко Алекс Лепаи билан жангининг Россия каналларида транслация қилинмаслиги вазиятига аниқлик киритган ва россиялик бокс мухлислари беллашувни кўра олмасликларидан афсус билдирган.

"Бундай қарорга келинганининг асл сабаби нималигини мен аниқ билмайман. Лекин бу айни пайтда Украинадаги сиёсий ҳодисалар билан боғлиқ эканини тушунмаслик қийин эмас. Мен Россия телеканаллари бокс кечасини узатмаслиги ҳақида хабар топгач, афсусландим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Ўйлайманки, бунда энг кўп Россия телевидениеси зарар кўрди албатта. Чемпионлик камари учун беллашувлар муҳим ҳодиса, бунда телеканаллар яхшигина даромад олишлари аниқ. Шу туфайли 150 дан ортиқ мамлакатлар транслация қилиши ҳам бекорга эмас. Афсуски, бунда россиялик бокс мухлислари мағлуб бўлиб қолишяпти. Мен ўйлайманки, уларнинг кўпчилиги россиялик Поветкин билан учрашувимдан сўнг менинг кейинги жангимни кўришни хоҳлашлари аниқ. Ва улар бундан бебаҳра қолаётганларидан мен афсусдаман, деб айтган чемпион Кличко.

Владимир Кличко шунингдек ўзининг бугунги рақиби австралиялик Алекс Леапаининг кеча айтган сўзларини изоҳлаган.

Маълумки, бокс- шоуларда спортчилар эътибор қозониш, ўйинга қизиқишни кучайтириш мақсадида рақибига нисбатан анча кескин, ғайритабиий баёнотлар билан чиқишади.

Австралиялик спортчи Леапаи ҳам ўз навбатида Владимирнинг устидан ғалаба қозониш учун унинг юрагини суғуриб олиши кераклигини айтган.

Бунга жавобан, Владимир Кличко "мен одамларни ураман, лекин уларнинг юрагини суғуриб олмайман. Шунинг учун Алекснинг юрагини суғуриб олиш ва ейиш ниятим йўқ. У ўз юрагини ўзи, оиласи, болалари учун сақлаб қолсин. Бошқаси билан мен ўзим шуғулланаман. Ва аниқ биламан, нимани қилиш керак, нимани қилмасликни. Йиллар давомида йиғилган тажрибани дўкондан сотиб ололмайсан", деб айтган Владимир Кличко.

Бундан аввал британиялик боксчи Дэвид Хэй ака-ука Кличколарнинг бошларини қўлида ушлаб турган сурати акс этган футболкада матбуот анжуманига келган ва кескин мурожаатлар билан чиққан эди.

Бу галги бокс кечасида ҳам рингда одатдагидек Кличко бурчагида унинг акаси, собиқ жаҳон чемпиони Виталий Кличко маслаҳат бериб турди.

Шунингдек Виталий Кличконинг турмуш ўртоғи Наталя Кличко Украина гимнини куйлади. Владимирнинг қаллиғи америкалик актриса Хайден Панетьери ҳам чемпионни қувватлаб турди.

Бу мавзуда батафсилроқ