Йирик еттилик Россияга қарши янги жазо чораларни киритмоқчи

  • 26 Апрел 2014
Image copyright AFP

Йирик еттилик давлат раҳбарлари Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари боис душанба кундан янги санкциялар киритишни режаламоқда.

Янги санкциялар иқтисодий, молиявий ва савдо тизимига алоқадор бўлиб, улар кенгайтирилиши мумкин. Ой Уй билдиришича, кўриладиган чоралар шахсан Президентга яқин жисмоний шахслар ва ширкатларга ҳам тегишли бўлади.

Йирик еттилик мурожаатида айтилишича, Россия Женева келишувига мувофиқ аниқ ҳаракатлар бошламаган. Ғарб "Россия Украинадаги вазиятни ўз мурожаатлари ва чегарадаги ҳарбий машқлари билан янада таранглаштираётгани хавотир уйғотади", деб ҳисоблайди.

Олмония канцлери Ангела Меркел Полша бош вазири Доналд Туск билан учрашувда Москва россияпараст фаолларга етарли даражада таъсир кўрсатиш кучига эгалиги ва уни кўрсатмаётганини билдирган. "Россия бўлгинчиларни тинч йўл билан конституция тўғрисида мулоқот ўрнатиш ва сайловларга тайёргарликка чорлаши мумкин. Лекин бу ҳаракатлар кўринмаяпти. Шунинг учун биз бунга эътибор қаратишимиз керак ", деган Меркел хоним.

Расмий Киев эса Донбассдаги маъмурий биноларни эгаллаб турганлар орасида Россия махсус хизмат вакиллари борлигини айтган. Москва бу иддаоларни рад қилади.

Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари Россия тажовузи давом этар экан санкцияларнинг учинчи босқичи- Россия иқтисодини қамраб оладиган ва ташқи дунёдан ажралиб қолишига олиб келадиган жазо чоралари киритишга мажбур бўлишини айтганлар.

Айни пайтда Слаянскдаги бўлгинчилар ОБСЕ вакилларини "айғоқчилар" дея ушлаб турибди. Уларни қачон озод этилиши маълум эмас.

Олдинроқ Славянскнинг "халқ ҳокими" Вячеслав Пономарёв жангчилари халқаро кузатувчиларни ҳибсга олганини тасдиқлаган.

Олмония Мудофаа вазирлигига кўра, қуролланмаган гуруҳ таркибида уч олмониялик ҳарбий, бир таржимон ва Дания, Чехия, Полша ва Швеция кузатувчилари бор.

Халқаро кузатувчилар Украинада хавфсизлик вазиятини бир ойдан буён ўрганаётган бўлган.

Славянскдаги маҳаллий жангчиларнинг билдиришича, кузатувчилар текширилганда уларнинг ёнидан блокпостлар белгиланган ҳарбий харита, патрон ва ҳарбий жетонлар чиққан.

Славянскда яна Украина, Италия, белоруссиялик жами 5 журналистни ҳибсга олишган.

ОБСЕнинг матбуот бўйича вакили Миятович Украина ҳукуматидан вазиятни ойдинлаштиришни сўраган.

Айни пайтда Пентагон Россия ҳарбий учоқлари 25 апрелда Украина ҳаво ҳудудини бузганини айтган. Пентагонга кўра, Россия учоқлари бир неча марта чегара туманларнинг осмонида кўринган.

24 апрелда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина чегараларига яқин ҳудудларда ҳарбий машқлар бошланганини билдирган. Машқларни Украина шарқидаги вазиятга жавоб эканини айтган.

Славянск ва Донецкдаги "ўз-ўзини ҳимоя қилиш"блокпостларига Украина кучларининг ҳужуми натижасида бир неча киши ўлгани хабар қилинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ