Россиялик актёр Дмитрий Дюжев Украина халқидан кечирим сўради

Путиннинг Украинага нисбатан сиёсатига Россиянинг ўзида ҳам турли муносабат билдирилмоқда.

Россиялик таниқли киноактёр Дмитрий Дюжев интернет орқали украиналикларга мурожаат қилиб, Россия ҳукумати қилаётган ишлар учун кечирим сўраган.

Россиянинг ҳозирги ҳаракатлари учун Украинадан кечирим сўрайман. Мен мамлакатимиздаги кўплаб инсонлар қатори урушни хоҳламайман. Мен ҳар доим Украинани кучли давлат сифатида яхши кўрганман ва ҳурмат қилганман. Ҳозир кўп ҳамкасбларим Украинадаги вазиятни фаол муҳокама қилмоқда ва мен ҳам бундан четда қолишни истамайман,- деб ёзади Дюжев.

Мен Совет Иттифоқида ўсган авлод вакилиман. Ва бизни ҳеч ким дўстликка мажбурламаган деб биламан. Биз миллатига қарамасдан дўстлашганмиз, бир-биримизни ҳурмат қилганмиз. Чунки биз меҳрибон ва инсоний эдик, деб ёзади Дюжев.

Бундан олдин Қрим аннексияси арафасида россиялик таниқли адабиёт ва санъат вакиллари Президент Путиннинг сиёсатини қувватлаб очиқ хат ёзишган.

Хат Россия Маданият вазирлиги сайтида эълон қилинган.

Улар орасида Дмитрий Дюжевни таниқли қилган "Бригада" сериалида у билан бирга рол ижро этган Сергей Безруков ҳам бор эди.

Санъат ва маданият арбоблари президент Путининг Украинадаги вазият борасида тутган мавқеини қўллаб-қувватлашган.

Ушбу рўйхатга Алексей Баталов, Олег Табаков, Василий Лановой, Михаил Боярский, Карен Шоҳназаров, Федор Бондарчук, Надежда Бабкина, Николай Цискаридзе ва бошқалар имзо чекишган.

"Қрим ва ватандошларимиз тақдири ҳал бўладиган кунларда Россия маданият вакиллари совуқ юрак билан бефарқ кузатувчи бўлиб тура олмайдилар. Биз халқларимиз ва маданиятларимиз келажаги мустаҳкам бўлишини хоҳлаймиз. Биз шу боисдан президентимизнинг Украина ва Қрим борасидаги мавқеини қўллаб қувватлаймиз", дейилади мазкур очиқ хатда.

Путинни дастаклаган киночиларга қарши 100 дан ортиқ кино арбоблари украиналик ҳамкасблари билан бирга эканликларини айтиб, Россиянинг Қримга киришига норозиликларини билдирганлар.

"Биз ҳақимизда шубҳаланманг. Биз ҳақиқат томондамиз ва сиз билан биргамиз!" деган шиор остида Элдар Рязанов, Лия Ахежакова, Алексей Смирнов, Юрий Богомолов, Алексей Попогребский, Елена Коренева, Андрей Прошкин, Гарри Бардин, Андрей Звягинцев, Андрей Плахов, Даниил Дондурейлар номлари кўрсатилган.

Бу мавзуда батафсилроқ