Ироқ: АҚШ қўшинлари чиқиб кетганидан бери илк сайловлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ироқликлар қаттиққўл хавфсизлик чоралари манзарасида парламент сайловларида овоз беришмоқда. Бу АҚШ қўшинлари уч йил аввал Ироқни тарк этишидан бери илк парламент сайловларидир.

Овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 07:00да бошланган ва соат 18:00да тўхтатилиши кутилади.

Ироқ ғарбида исёнкорлик ўсиб бораётгани манзарасида Бош Вазир Нури ал-Маликий учинчи муддатга сайланишга умид қилмоқда.

Ироқда ўтган ҳафтанинг ўзида 160 киши нобуд бўлар экан, мамлакат 2008 йилдан бери энг ёмон зўравонликка юз тутмоқда.

Мамлакат бўйлаб очилган 50 мингта овоз бериш нуқталарида 22 миллион нафарча ироқлик овоз бериши кутилади.

Би-би-сининг Бағдоддаги мухбири Куэнтин Соммервилнинг хабар беришича, шаҳарга кириш йўллари ёпиб қўйилгани туфайли пойтахт кўчалари деярли бўм-бўш.

Ҳукумат ҳудкушлик ҳужумлари ва машина бомбаларидан хавотир олиб бир кунга машиналар ҳаракатини ман қилиши туфайли овоз берувчилар пиёда овоз беришга чиққанлар.

Баъзи сайловчилар овоз бериш нуқталарига киришларидан олдин бир неча марта текширилмоқдалар.

Илк зўравонлик ҳодисаси Ироқ шимолидаги Киркук шаҳрига яқин Дибис шаҳарчасида юз берган. Полицияга кўра, у ерда йўл четига ўрнатилган бомба овоз бериш учун кетаётган икки аёлни ўлдирган.

Ҳужумлар тўлқини

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сайлов натижаларини олдиндан башорат қилиш қийин бўлса-да, жаноб Маликий сайлов ортидан юзага келадиган коалицияни тузиш жараёнида энг муҳим шахс бўлиши кутилади.

Ўтган сайловлардан бери Маликийнинг шиалардан ташкил топган коалицияси бошқа сиёсий блоклардек тарқаб кетгани йўқ.

Мухбиримизга кўра, сайлов натижалари тез орада аён бўлмайди, чунки ўтган сайловлардан ортидан ҳукуматни тузишга қарийб 10 ой кетганди.

Сайловолди кампанияси зўравонликлар манзарасида ўтди. Аскарлар, полиция ва хорижда яшовчи фуқаролар овоз берган душанбада 50 одам ўлдирилди.

Портлашлардан бири курдларнинг Ханақин шаҳридаги сиёсий йиғилишни нишонга олди. Унда 30 одам нобуд бўлди ва камида 50 нафари яраланди.

Жума куни эса Бағдоддаги шиа сайловолди тадбирида портлаган қатор бомбалар камида 31 одамни ўлдирди. Ироқ Исломий Давлати ва ал-Қоидага алоқадор Левант гуруҳлари ҳужумлар учун масъулиятни ўз бўйинларига олганлар.

Лекин, Би-би-си мухбири Рафид Жабурийнинг хабар қилишича, у ўтган бир неча кун давомида Ироқнинг турли ҳудудларига сафар қилган ва одамлар зўравонликларга қарамай, овоз беришга шайланганларига гувоҳ бўлган.

Your contact details
Disclaimer