Вьетнам чегарасида уйғурлар нега отиб ўлдирилди?

Уйғурлар
Image caption Уйғур Хитойни маданий ва диний босимда айблашади

Тайланд ҳукумати ўтган дам олиш кунларида Хитойлик уйғурлар экани ишонилган 16 нафар ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олганини билдирди.

Бир кун аввал эса Вьетнам ва Хитой чегарасида қонли ҳодиса рўй бериб, етти кишининг ўлими билан якун топди. Ҳодисада иштирок этган 16 хитойлик ҳам уйғурлар бўлгани ишонилади.

Бу икки ҳодиса Жанубий Шарқий Осиё Хитойни тарк этишга уринаётган уйғурлар учун транзит йўли бўлиб хизмат қила бошлаганига ишора қилади.

Вьетнамнинг Куанг Ни ва Хитойнинг Гуанши вилоятлари орасида жойлашган чегара тепаликлар орасидаги водийда жойлашган.

Кунига бир неча соатгагина очиладиган бу чегарадан вьетнамлик ва хитойлик тужжорлар мева ва сабзавотлар, кийим-кечак ва бошқа истеъмол моллари тўлдирилган араваларини тортиб ўтадилар.

Бироқ, 18 апрел тушда юз берган ҳодиса кутилмаган бўлди. Хитойнинг 16 нафар фуқароси: 10 эркак, тўрт аёл ва икки ёш бола Вьетнамга ноқонуний кирганлари учун ҳибсга олиндилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шинжонда жамиятнинг барча жабҳалари қаттиқ назорат қилинади

Вьетнам чегара посбонининг айтишича, Хитойга топширилиши кутилаётган муҳожирлар чегарачиларга қарши кўтарилганлар, эркаклар ҳибсхона ичкарисидаги стулларнинг оёқларини синдириб олиб, посбонларга ташланганлар.

Уйғурлар, Вьетнам тарафига кўра, чегарачидан Калашников автоматини тортиб олиб ўт очишган.

Уч соатдан ошиқ давом этган тўқнашувда икки вьетнамлик чегарачи ҳалок бўлган. Уйғурлардан беш нафари нобуд бўлган: улардан баъзилари отиб ўлдирилган, бошқалари эса, маҳаллий матбуотга кўра, баланд бинодан сакраб қочишга уринганларида ўлишган.

Маҳаллий матбуот жасадлар, ҳамда омон қолган ва жароҳатланган уйғурлар зудлик билан чегарада кутиб турган Хитой махсус кучлари қўлига топширилганини ёзишди.

Бироқ, мазкур ҳодиса ижтимоий тармоқларда катта мунозарага сабаб бўлаяпти. Унда пайдо бўлган суратларда аравага ортилган жасадларни баъзилар "ноинсоний муносабат" дея қоралашди.

"Улар ҳатто Вьетнам чегарачиларини ўлдирган бўлсалар, нега тергов ўтказмай туриб, уларни Хитойга топшириб юборишди? Хитой ортга топширилган уйғурларга ўта қаттиқ жазо бериши хавфи катта", - дейди ҳуқуқшунос Тран Куок Туан.

Айни дамда қувғиндаги Жаҳон Уйғурлари Конгресси БМТни чегарадаги отишмани тергов қилишга чақирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ