Украина инқирози: Яшил “кичкина” одамлар билан учрашув

Image caption Топингчи, биз киммиз?

Николай Константиновкадаги маҳаллий ҳокимият биноси олдида ҳассасига таяниб турар ва кўз ўнгидаги манзарага қараб бошини сарак-сарак тебратар эди.

Ниқоб кийган қуролли шахслар бинони эгаллашган ва дарвоза олдида қўриқчилик қилишар эди.

Айни пайтда россияпараст фаоллар баррикадалар қуришар ва Шўролар иттифоқи ҳақида поп қўшиқларни жўр бўлиб куйлашар эди.

Шўролар даврида Николай ҳарбий жосуслик хизматида ишлаган.

У қуролланган шахсларнинг Россиядан келганига ишонади.

"Мен уларнинг олдига бордим, ҳаммасида замонавий рус қуроллари бор. Улар украиналик эмас. Мен уларга сиз украиналик эмассиз, бунга ишонмайман дедим. Россиядан келгансиз. Ҳарбий жосуслик хизматидансиз... мен ҳам шу хизматда ишлаганман,мени алдаб бўпсиз деб айтдим”, дейди Николай.

Улардан бири Николайга, “ Оббо, қари туллакни алдаб бўлмас экан”, деб жавоб беради.

Николай бу одамларнинг минтақага махсус жўнатилгани ва бу ерда улар тартибсизликлар уюштириш мақсадида эканига ишонади.

'Ҳаммамиз русмиз”

Image caption Казак ўғлони харита билан

Мен қуролланган шахслардан бирига юзланиб, қаердан келгани ҳақида сўрадим.

"Украинадан”, деб жавоб берди у. Кейин “аслида украин деган миллат йўқ, ҳаммамиз руслармиз. Бу ер ҳам Украина эмас, балки Янги Россия (Новороссия)дир”, дейди у.

Краматорскдан ўттиз чақирим узоқда яна бир маъмурий бино россияпараст жангарилар томонидан ишғол қилинган. Бу ерда мен Вадим Иловайский билан учрашдим.

У ўзини “ҳарбий қўмондон” деб таништирди.

У ҳоким ўринбосарининг хонасида харитага қараб ўтирарди.

Ўринбосар унинг айтишича, бетоб бўлиб қолган.

У хона бурчагидаги аквариумга ишора қилиб, ўринбосарнинг балиқларига яхши қараётганини айтади.

Мен Вадимдан қаерданлигини сўрайман.

У казак эканини айтади.

“Бобом ва бобокалонларим Ставрополдан бўлишган”, дейди у.

"Аслида мен PR консултантман. Аммо Казак кўмондон ўлароқ мен Қримдаги амалиёта иштирок этдим. Украина фуқаросиман”.

Аммо қаерда яшайсиз деган саволимга аниқ жавоб бермайди,” мана шу бинодаман”, дейди у.

“Ёзиб олинган суҳбатлар”

Image caption Стрелковми ё Гиркин?

Константиновкадаги собиқ ҳарбий жосус каби Ғарб ҳам россияпараст фаоллар ва Кремл ўртасида аниқ-тиниқ ришталар бор деб ҳисоблайди.

Бу фаоллар ва жангарилар бирин кетин Шарқий Украинадаги маъмурий биноларни ишғол қилишмоқда.

The Daily Beast нашрига кўра, ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғинда АҚШ давлат котиби Жон Керри минтақадаги жосус фаоллар Москвадан буйруқ олаётгани ҳақида ёзиб олинган суҳбатлар мавжудлигини айтган.

Вашингтон аллақачон Россияни Украинадаги бўлгинчиларни “ молиялаётгани, амалларини мувофиқлаштираётгани ва қуролланган бўлгинчиларнинг “қўлтиғига сув пуркаётганини” айтиб айблаб чиқди.

Украина ҳукуматига кўра, шарқий Украинадаги россияпараст қўмондон Игор Стрелков аслида Россия ҳарбийсидир.

Унинг асл исми Игор Гиркин бўлиб яшаш жойи Москвада.

Шу ҳафта у Оврўпо иттифоқининг жазо чоралари рўйхатига тушган ўн беш шахс орасидан ўрин олди.

Оврўпо Иттифоқи уни “ Россия армиясининг жосуслик хизмати ходими” ўлароқ эътироф этди.

Россиянинг олди-қочди матбуоти илғорларидан бўлмиш "Комсомолская Правда" билан суҳбатда у ўз кучларининг ярмидан кўпи украинлар эканини даъво қилди.

Ҳолсизланиш

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp getty
Image caption Россияпарастларми ва ё россияликлар?

Россия эса Украина ҳудудида жосуслари ҳам қўшинлари ҳам борлигини инкор қилади.

Москвага кўра, бу жангарилар “ўзларини ўзлари ҳимоя қилаётган кучлар”дир.

Россия бу исёнларни рағбатлантираётган бўлса Киевнинг қудрати ва салоҳияти қай даражада?

Россияпараст гуруҳларнинг осонлик билан ҳукумат биноларини эгаллаши манзарасида марказий ҳокимиятнинг қанчалар ожиз бўлиб бораётганини кўриш мумкин.

Бу ожизликни Киевдаги раҳбарлар ҳам рад этишаётгани йўқ.

Президент Путин шу йўл билан Украинани бўлиб юбориш ва ёки кучсизлантириш мақсадида бўлса, унда Россия танкларига ҳожат йўқ.

Киев афтидан ҳозир мамлакат шарқидаги вазиятни ўз назорати остига олишга ожизлик қилмоқда.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002