Афғонистонда кўчки оқибатида юзлаб инсонлар бедарак кетган

Фото муаллифлик ҳуқуқи b

Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида юз берган кўчки натижасида 2500 инсоннинг тақдири номаълум қолмоқда.

Маҳаллий ҳукуматга кўра, камида 250 киши ўлган. Юзлаб уйлар қалин лой остида қолиб кетган.

Қутқарувчилар тирик қолганларни топишга ҳаракат қилмоқдалар.

Афғонистоннинг шимолий шарқидаги тоғли ҳудудда жойлашган Бадахшонда транспорт ҳаракати яхши ривожланмаган, бир-биридан узоқ туманлар кўп.

Бундан ташқари ўтган ҳафтада келган сел оқибатлари туфайли Афғонистон вилоятларидаги аксар қашшоқ аҳоли ҳали ўзига келиб улгурганича йўқ.

26 апрелда юз берган табиий офат юздан ортиқ инсонларнинг умрига зомин бўлган, минглаб одамлар уй-жойсиз қолгандилар.

Би-би-си суҳбатлашган кишилар очиқ ҳавода бир неча кундан буён қолиб кетганлари натижасида ёш болалар юқумли касалликларга чалингани, озиқ-овқат, тоза ичимлик суви, дори-дармон етишмаслигини айтишган.

Бир ёш йигит оиласининг 11 аъзоси сувга оқиб кетгани, уларнинг фақат икккитасини топиб, дафн қилганини гапирган.

Аксарият жабрдийда инсонларга зарур ёрдам ҳукумат томонидан ҳануз етиб бормагани хабар қилинганди.

Афғонистоннинг Ўзбекистонга қўшни шимолий минтақасидан олинган сўнгги хабарларга кўра, ҳалокатли сув тошқинларидан бир ҳафта ўтиб ҳам, ўнлаб кишиларнинг ҳануз дараклари йўқ.

Қурбонларнинг сони эса, биргина ўзбеклар зич яшовчи уч жабрдийда вилоят: Жаузжон, Сарипул ва Фарёбда 150 кишига чиққан.

Маҳаллий масъулларга кўра, қирқдан ортиқ инсонни қидирув ишлари жадаллик билан олиб борилаётганига қарамай, уларни топишга бўлган умид сўниб бормоқда.

Минглаб уй-жой, биноларга қўшиб, катта ҳудуддаги боғ-роғ, экинзор ва йўлларни буткул ювиб кетган, электр таъминоти издан чиққан, ўнлаб қишлоқлар шундоқ сув остида қолганди.

Табиий офатдан Жаузжон, Сарипул ва Фарёбдан ташқари, шимолий Балх, Самангон ва Тахор вилоятлари ҳам қисман зиён кўришган.

Қатор халқаро ёрдам ташкилотларининг бирдек эътироф этишларича, йўллар яроқсиз аҳволда экани боис, ҳалиям бутун талофат кўламини аниқлаш имконсиз.

Аммо, "Save the Children" халқаро хайрия жамғармасининг дастлабки ҳисоб-китобларига таянилса, ҳалокатли табиий офатдан 40.000 киши жабр кўрган. Улардан 25.000 нафари эса, болалардир.

Бу мавзуда батафсилроқ