Славянск: 'Аксилтеррор амалиётида қурбонлар бор'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Украина Ички ишлар вазирининг билдиришича, бир учувчилари қурбон бўлган. Бошқаси яраланган. Айирмачиларга тегишли тўққиз назорат нуқтаси босиб олинган.

Ҳукумат кучларининг ҳарбий амалиётлари эса, шарқий Славянск шаҳридаги россияпараст айирмачиларга қарши қаратилган.

Аммо, уларнинг Би-би-сига айтишларича, уч назорат нуқтаси ҳамон ўз назоратлари остидадир.

Айирмачи қуроллилар Украина ҳукумат кучларига қарашли камида иккита тикучарни уриб туширишган. Бир учувчини асирга олишган.

Минтақа маркази Донецкда бўлган мухбиримизнинг хабар беришича, ҳозир жанглар шаҳар чеккасида кечмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Шарқий Славянск шаҳри россияпараст айирмачиларнинг таянч нуқтаси ҳисобланади.

Улар бор кучлари билан минтақада ўз назоратларини кучайтиришга уринишмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса, кеча пайшанба куни Украина томонини жиддий огоҳлантириб чиққанди.

Вазирликка кўра, Украина қўшинларининг минтақадаги ҳар қандай амалиётининг оқибатлари "ҳалокатли" бўлади.

Расмий Кремлнинг бу каби огоҳи Россиянинг янги ишғолига оид хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.

Ҳарбий амалиёт

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Украина Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, ҳарбий амалиётнинг "фаол босқичи"га маҳаллий вақт билан саҳар 4:30 да ўтишган.

Вазир Арсений Аваковга кўра, ҳарбий амалиётга ўз қўшинлари билан бирга Миллий Гвардия ҳам жалб этилган.

Унинг айтишича, "террорчилар Украина махсус бўлинмаларини оғир қуроллардан ўққа тутишган".

"Ҳозир профессионал ёлланмачилар билан ҳақиқий жанг бормоқда", - дейди вазир.

Жаноб Аваковга кўра, қуролли айирмачилар одамларнинг уйларини ўзларига қалқон қилиб, уришишмоқда.

Шаҳардаги айирмачилар раҳбари Игор Стрелковнинг айтишича, шаҳар бутунлай ўраб олинган.

Аммо, ҳозирча, Украина қўшинларининг шаҳарга кириб боришганига оид хабарлар йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Агар, маҳаллий аҳолининг сўзларига таянилса, Славянскда вазият ҳозирча тинч бўлса-да, танглигича қолмоқда.

Аввалроқ Украина муваққат Президенти Олександр Турчинов ҳарбий сафарбарликни қайта тиклаганди.

Унинг тан олишича, қўшинлари мамлакат шарқидаги айрим ҳудудларда исёнчилик ҳолларини бостиришга "ожиз" қолишмоқда.

Муваққат президентга кўра, жорий пайтда асосий эътибор бу каби ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган.

Жаноб Турчиновнинг билдиришича, Россия қўшинларининг эҳтимолий ишғоли хавотирида мамлакати "тўлиқ жанговар ҳолат"га келтирилган.

Украина чегараси яқинида эса, 40.000 га яқин Россия қўшинлари жойлаштирилган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002.