Бадахшон: Камида 255 инсон тириклайин кўмиладиган бўлди

Афғонистон шимоли-шарқидан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, жума кунги ҳалокатли табиий офат сатҳида қутқарув ишлари тўхтатилган.

Уч юз уй қарийб бир минг метрлик лой кўчкиси остида қолгани боис, бор-йўғи уч кишининг жасадини чиқара олишган, холос.

Қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли шанба куни кечга яқин лой остидан ортиқ бирор бир инсонни тирик топиб бўлмайди, деган тўхтамга келишган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатлашган маҳаллий масъулларнинг тахминларига кўра, табиий офат камида 255 кишининг умрига зомин бўлган.

Тоғ кўчкиси юз берган Арго тумани Хавфсизлик қўмондони Ҳумоюн Ҳокисорнинг айтишича, шунда ҳам маҳаллий аҳолининг чамасига таяниб, бу каби тўхтамга келишган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тоғ кўчкиси юз бериши ортидан, вилоят масъуллари икки мингдан ортиқ кишининг қурбон бўлганига оид тахминларни илгари суришганди.

Жаноб Ҳокисорга кўра, ҳозир ҳам бунга ойдинлик киритиш учун суриштирув ишлари давом этмоқда.

Унинг айтишича, ҳозирга келиб, дараксиз кетгани тахмин этилган одамларнинг барчаси топилган.

Ҳалокатли табиий офат маҳаллий вақт билан жума куни эрталаб туманнинг Оби-Борик қишлоғида юз берганди.

Кучли жалалар сабаб, тоғнинг бир қисми кўчиб тушган ва қишлоқдаги уч юзта уйни босиб қолган.

Ён-атрофдаги одамлар уларни қутқариш билан овора бўлган чоғларида иккинчи кўчки юз берган.

Оби-Борик қишлоғилик Вожиҳа исмли аёлнинг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, икки боласи билан ўзи омон қолган бўлса ҳам, ҳамма нарсаси тоғ кўчкиси остида қолган.

Эрининг Эронда меҳнат муҳожирлигида банд экани, энди нима қилишини билмай боши қотганини айтаркан, суҳбатдошимиз кўзларидан ёшини тия олмайди.

Туман хавфсизлик қўмондони Ҳумоюн Ҳокисорга кўра, ҳодисада 100 га яқин киши яраланган ва улардан 10 нафарининг аҳволи оғир.

Жаноб Ҳокисор ҳозир уларнинг маҳаллий касалхонага етказилганликларини айтади.

Расмийларнинг тахминларига кўра, қурбонлар сони 500 дан ортмаслиги мумкин.

Хабарларга кўра, ҳодисада 1.000 га яқин уй зиён кўрган.

Тоққа дарз етгани боис, яна кўчки юз бериши мумкин, деган хавотирда мингга яқин хонадон хавфсиз ерга кўчирилган.

Ҳозир асосий эътибор бошпанасиз қолган ана шу беш мингга яқин жабрдийдага фавқулодда ёрдам етказишга қаратилмоқда.

Улар ўтган тунни муздек очиқ ҳавода ўтказишгани айтилади.

Маҳаллий масъулларга кўра, ҳозир уларни имкон қадар чодир, озиқ-овқат, дори-дармон ва ичимлик суви таъминлашга ҳаракат қилишмоқда.

Бугуннинг ўзида Афғонистон президентининг муовини дохил қатор ҳукумат, парламент ва масъул қўмита вакиллари табиий офат сатҳига етиб боришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Биргина Бадахшон мисолида айтганда ҳам, бу - Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқини ўз забтига олаётган биринчи ҳалокатли табиий офат эмас.

Ўтган ҳафта кутилмаган сув тошқинлари Афғонистоннинг уч шимолий вилоятига жиддий зиён етказган ва 150 га яқин кишининг умрига зомин бўлганди.

Орадан ўн кун ўтиб ҳам, қирққа яқин инсоннинг ҳануз дараги йўқ.

Ҳар йил баҳор мавсумида эса, минтақада бу каби ҳалокатли табиий офатлар бир эмас, бир неча бор юз беради.

Шундай экан, уларнинг олдини олиш йўлида марказий ҳукумат нима қилаяпти?

Суҳбатдошимиз Афғонистон мустақил Инсон Ҳуқуқларини сақлаш ҳайъати раҳбари Воҳидуддин Арғун:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистон шимолида кузатилган сўнгги табиий офатлар эса, катта сондаги инсонларнинг умрига зомин бўлиш билан бирга, минглаб гектар экинзор, боғ-роғларни буткул вайрон қилган.

Шусиз ҳам сув тошқинлари сабаб, бор-будидан мосуво қолган одамларни тирикчиликнинг сўнгги манбасидан мосуво этган.

Шундай экан, аксарияти деҳқончилик орқасидан рўзғор тебратувчи жабрдийда аҳоли энди нима қилади?

Мавжуд ҳолатнинг бозор-дўконлардаги нарх-наволарга таъсири қандай бўлиши мумкин?

Биз ушбу савол билан селлардан жиддий жабр кўрган шимолий Фарёб вилояти Қишлоқ Хўжалик Бошқармаси бошлиғи Асадулло Баҳорга мурожаат қилдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Кузатилаётган йирик инсоний талофатлар манзарасида эса, нега бу каби ҳалокатли табиий офатлардан огоҳлик тизими амалда эмас, деган ҳақли саволлар ҳам ўртага чиқа бошлаган.

Шундай экан, жўғрофий жойлашуви нуқтаи назаридан, биргина селу зилзила, тоғ кўчкиларига ўта мойил Бадахшон вилоятида бу нарса қанчалик имконли?

Дейлик, тоғ кўчкилари қачон ва не сабаб юз беришини олдиндан билиб бўладими?

Биз худди шундай савол билан Кобул Политехника тўлиқсиз Олий ўқув юрти ректори доктор Иззатулло Умидга мурожаат қилдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002.

Бу мавзуда батафсилроқ