Мустафо Жамилевнинг Москвага киришига рухсат берилмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Мустафо Жамилев Қримдан 1944 йил депортация қилинган, 1989 йил ватанига қайтган эди.

Қрим татарлари раҳбари, Украина Олий Радаси депутати Мустафо Жамилевни чегарачилар Москвага киритишмаган.

Киевдан Қримга тўғридан тўғри етиб боришнинг ҳозир имкони йўқлиги боис, Жамилев Москвадан Қримга учмоқчи бўлган.

Жума куни Жамилевга рухсат бермаганларидан сўнг, у яна Киевга қайтиб кетган.

Халқаро ҳамжамият тан олмаган Қрим ҳукуматининг раҳбари Сергей Аксеновга кўра, Жемилев “Қримдаги вазиятни беқарорлаштириши мумкин”лиги учун чегарадан ўтказилмаган.

Аксенов “Жамилевнинг Ғарб махсус хизматлари топшириғи билан Қримга кирмоқчи бўлаётганига шубҳа йўқ”, “Ёмон ният билан келувчиларни биз ичкарига киритмаймиз” деб айтган.

Қрим татарлари мажлиси ушбу ҳодиса юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, Жамилевни Россияга кириши тақиқланганини қоралашган. Депутатлар Жамилевга Қрим ҳукумати қўйган айбловни бемаънилик деб атаганлар.

Шунингдек Мажлис аъзолари шанба куни миллий Хадерлиз байрами муносабати билан оммавий сайл ўтказишни бекор қилишган.

Бунинг ўрнига фаоллар Қримга автомобилда келаётган Жамилевни кутиб олиш учун тўпланганлар.

“Ўз ватани учун курашиб, унга ҳаётини тиккан инсоннинг бу ерга киришига рухсат бермаслик ахмоқона ва инсонийликка зид. Биз Мустафо Жамилев ўрнига эртага бошқа кишига рухсат бермасликлари мумкинлигини ҳам тушунамиз”, деган Мажлис раиси Наримон Жалол Би-би-сига.

Апрел охирида номаълум кишилар Жамилевга унинг Россия ҳудудига 5 йил мобайнида, яъни 2019 йилгача кириши тақиқлангани тўғрисида ҳужжат топширишган.

Мажлисга кўра, ҳужжатда ҳеч қандай имзо ва муҳр бўлмаган. Россия Федерал хизмати бу ҳужжатга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган.

Бундан олдин Сергей Аксенов Жамилев “Қрим ҳукуматининг сиёсатини қувватлашга тайёр бўлса, Қримга яхши ният билан бемалол келиши мумкин”лигини билдирганди.

Украина ва Туркия Ташқи Ишлар вазирлиги Жамилевга нисбатан тақиқни қоралашган ва уни бекор қилишни талаб қилишган.

Мустафо Жамилев Қрим халқининг 1944 йил Сталин бадарғасидан сўнг ҳуқуқлари тикланиб, ўз она ватанига қайтиш учун курашган инсон. У ҳайтининг 15 йилини совет турмаларида ўтказган.

Апрел охирида Мустафо Жамилев номзоди Қрим татар халқлари Мажлиси, татар ташкилотлари ва марказлари томонидан Нобел Тинчлик мукофотига илгари сурилган эди.

Мустафо Жамилев Қримнинг аннексиясини қоралаб чиққан. Қрим Украинанинг бир қисми эканлигини таъкидлаган.

Қрим татарлари ҳарбий кордонни бузганлар

Хабарларга кўра, Қрим шимолидаги Армянск туманида қрим татарлар гуруҳи Украина чегара постида турган Мустафо Жамилевнинг ярим оролга киришига имкон яратиш учун Россиянинг ҳарбий кордонни бузиб ўтганлар.

Шанба куни Қрим ва Украина чегараси ўртасида бир неча минг кишилик оломон йиғилиб, Жамилевни қувватлаб шиорлар айтганлар.

Бундан сўнг Россия чегарачилари Қримга кириш ҳудудини ҳарбий техника билан ўраб олган, натижада жуда кўп киши Украина томонида қолиб кетгани хабар қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ