Сергей Лавров: Украина бўйича янги музокаралардан маъно йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров Венада ўтган Оврўпо Кенгаши вазирлар қўмитаси йиғилишида Украина инқирози бўйича Женева музокараларини давом эттиришдан маъни йўқлигини айтган.

"Ўша эски кўринишда, Украина мухолифати музокаралар столига ўтирмас экан, учрашувда ниманидир қўшимча қилиш қийин. Албатта биз келишилган барча шартларни бажариш керак деб айтамиз, лекин бу ҳаммаси юзаки бўлиб қолаверади", дейди жаноб Лавров Венадаги анжуманда.

Анжумандан олдин бир қатор Ғарб дипломатлари, жумладан Британия Ташқи Ишлар вазири Уильям Хейг Россияни 17 апрел келишувини бажармаётганлигини билдирган.

Венада Россия ва Украина Ташқи Ишлар вазирларининг учрашувига алоҳида эътибор қаратилган. Сергей Лавров ва Андрей Дешица биродарларга хос учрашиб, қўл бериб кўришишган.

Андрей Дешицанинг сўзларига кўра, Украина сиёсий инқирозни бартараф этиш бўйича Женева келишуви янги музокараларида иштирок этади, қачонки Россия 25 майда ўтадиган президентлик сайловлари ўтишига халақит қилмаса.

"Россия Украинадаги экстремистик унсурларни дастаклашни тўхтатиб, сайловлар ўтишини қувватлашга ваъда берса, биз албатта бундай учрашувга тайёрмиз", деб айтган Украина Ташқи Ишлар вазири.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Унинг таъкидлашича, айни пайтда Украина учун сайловларни ўтказиш энг муҳим вазифа ҳисобланади.

Ғарб давлатлари Украинадаги сайловлар бузилса бошқа давлат сайлови ўтишига йўл қўймаганлик бўйича Россияни янги жазо чоралари кутади, дея огоҳлантирмоқда.

Франция президенти Олланд жаноблари Украина учун сайловлар муҳимлиги, акс ҳолда мамлакат фуқаролар уруши гирдобига тушиб қолиши мумкинлигини айтади.

Россия Украина билан музокаралар ўтказишга тайёр, Женева келишуви бунинг яққол намунаси бўлганини айтган Сергей Лавров ўз ўрнида.

"Россиядан Украина чегараларидан қўшинни олиб кетишни талаб қилиш ғалати. "Бизнинг армия ўз ҳудудимизда турибди ва тақиқланмаган ўз фаолияти билан шуғулланмоқда", деган у.

Шунингдек, Лавров Украина ҳукуматидан фуқароларига қарши қурол ишлатишни тўхтатишни талаб қилган.

"Янукович ҳокимиятда бўлганда Ғарб фуқароларга қарши армия ишлатишга қарши чиққанди. Энди эса бутунлай тескарисини эшитяпмиз. Яъни , Украина ҳукумати қурол ишлатишга тўла ҳаққи бор экан. Вазиятни барқарорлаштириш учун аввало халққа қарши армия қўллашни бас қилиш керак", дейди жаноб Лавров.

У шунингдек мамлакат аҳолиси кимни лозим топса, ўшанга овоз беришга ҳуқуқи борлигини қайд этган.

"Украинадаги вазиятни украиналиклар яхшилай олади, фақат Ғарб бунга халақит бермаса бўлди", деб урғулаган Россия Ташқи Ишлар вазири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ