Бахт фақат пул ва бойликдами ёки?..

  • 7 Май 2014
Image copyright BBC World Service

Кимга қандай дейишингиз табиий... Аммо улкан нефть ва газ захиралари дунёнинг энг бойвачча давлатига айлантирган Қатар мисолида нима дейиш мумкин?

Қатар эса шу даражада бойки, футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик сарф-харажатларига 200 миллиард АҚШ долларини писанд билмоқчи эмас.

Лекин чексиздек кўринган бунча бойлик Қатар ва қатарликларни қанчалик бахтиёр қилди экан?

Ҳозирча, Қатар пойтахти Доҳада ташқарида ўтиришингиз мумкин. Кун чидаб бўлмас даражада қизиб кетмаган.

Аммо бир неча ҳафтадан сўнг шундай жазирама иссиқ кунлар бошланадики, ишлаш учун кўчага чиқиши шарт бўлмаган барча ўзини ичкарига уради: Ҳаво совутгичларнинг совуғидан паноҳ топади.

Лекин шу пайт кўплаб пойтахтликлар ўз оилалари билан аср қуёшининг тиғида Corniche бўйида мазза қилиб дам олиб ўтиришибди.

Бор-йўғи ўтган бир неча йилнинг ўзида бу ерлар таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган.

Яйдоқдек саҳронинг ўрнида замонавий осмонўпар бинолар қалашиб кетган: Бу ерлар сизга худди сунъий ўрмонни эслатади.

"Биз шаҳарлашдик", - дейди Қатар Университети профессори, социолог, доктор Калтҳам ал Ғаним.

"Бизнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётимиз ўзгарди. Оилалар мустақил яшашга ўтишди. Истеъмолчилик маданияти кириб келди", - дейди у киши.

Бу каби ўзгаришларнинг ортида Қатар ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари ҳам озмунча эмас.

Қарийб бир асрча бурун буткул ночорлик гирдобида бўлган бир мамлакат дунёдаги энг бойваччасига айланади: Киши бошига ўртача йиллик даромад 100.000 АҚШ долларига етади.

Аммо бу каби кескин ўзгаришлар Қатар жамиятига қандай таъсир қилган бўлиши мумкин? - Масаланинг энг кам ўрганилган жиҳати айнан худди шу нуқтада.

Сиз Доҳада қандайдир босимни сезасиз. Шаҳар сизга қурилиш сатҳини эслатади: Бутунбошли туманлар бошдан-оёқ қайта тикланмоқда ёки қайта бошдан қуриш учун бузилмоқда.

Кўчалардаги давомий тирбандликлар ҳафталик иш соатингизни янада узайтириб юборади, одамларни асабий ва жиззаки қилиб қўяди.

Агар, Қатардаги маҳаллий матбуот келтираётган рақамларга қаралса, ҳозир 40 фоиз никоҳлар ажралиш билан тугайди.

Мамлакат аҳолисининг аксарияти, айниқса, кексалар ва болалар семизликдан азоб чекишади.

Қатарда таълим, тиббий хизмат текин. Иш ўринлари, ҳовли-жой кафолатланган, ҳатто, сув ва электр токи ҳам текин.

Аммо бунча мазза экан, десангиз ҳам адашасиз: Бунчалик тўкин-сочинликнинг ўз машмашалари ҳам бор.

Image copyright BBC World Service

"Сизга бирваракайига 20 хил иш таклиф қилишаркан, олий ўқув юртини битираётган талабанинг боши гангиб қолиши тайин", - дейди мен билан суҳбатда Қатардаги Америка университети академикларидан бири.

Суҳбатдошимнинг давом этишича, "Шунча ишнинг ичидан яхшисини топаман деб одамлар қийналиб кетишади".

Устига устак, Қатар аҳолисининг аксариятини четдан келганлар ташкил қилишади: Битта қатарликнинг бошига еттитача муҳожир тўғри келади.

Худди шу боис, ҳозир маҳаллий ёшлар орасида даромадли ишлар хорижликларга ўтиб кетаяпти, деган шикоятлар ҳам йўқ эмас.

Айни шу манзарада жадал тараққиётга интилиб, қандайдир муҳим нарсани йўқотиб қўймадикми, деган ҳис ҳам ҳукмрон.

Қатарликларнинг оилавий ҳаётлари ҳам жиддий ўзгаришларга юз тутган: Оналари қолиб, болаларни буёғи Филиппину Непалу Индонезиядан келган энагалар катта қилишади.

Кекса авлод билан ёшларининг қарашлари ва қадриятлари орасидаги фарқ ҳам йил сайин кенгайиб бормоқда.

Юзини батулла билан тўсиб олган ва ёши олтмишларни қоралаб қолган Умм Халаф хола ҳалиям ёшлигидаги ҳаётни қумсайди.

"Ҳаётимиз оддий бўлса ҳам, гўзал эди. Йўқ ердан йўндирардик. Оиланинг гапи тўртта деворнинг ташқарисига чиқмасди. Буларнинг барчасини йўқотиш, албатта, одамнинг кўнглини оғритади", - дейди у киши.

Пойтахт Доҳанинг ғарбий сарҳадларига йўл соламан. Чанг-тўзонли яйдоқ саҳродек бир жой. Ўзиям "Илонлар маскани", деб номланади.

Али ал-Жаҳоний бу ерда фермерлик қилади. У менга янгигина соғилган, илиққина, ҳалиям ҳовури чиқиб турган бир коса туя сутини тутади.

"Авваллари ишласангиз, тишлардингиз, ишламасангиз, йўқ. Шуниси тузук эди", - дейди у киши сутнинг бетидаги кўпикни юмшоққина хурмо билан сидириб, оғзига соларкан.

"Тўғри, ҳукумат ҳам бир четда қараб тургани йўқ. Кўмак беришга ҳаракат қилаяпти. Аммо улгура олмаяпти", - дейди суҳбатдошим оғзидаги хурмони чайнаганча, хаёлга ботиб...

Сиёсатчиларнинг одамлар билан ҳамнафас эмасликлари баҳосида қолган кўпчилик ҳам якдил.

Айниқса, футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатини Қатарга келтириш йўлидаги ҳаддан зиёд уринишлар ва ҳатто, пора берилганига оид айрим даъволар бу ҳисни янада кучайтирган.

Бошқа томондан, жаҳон чемпионатига мўлжалланган қурилиш сатҳларида юз бераётган ҳолатлар ҳақида ҳам турли матбуот нашрлари тинимсиз бонг уриб турган бўлишса.

Кўнгилларидаги қўрқувлари ҳақида сўзларкан, маҳаллий ёш журналист қизгина Марям Даҳруж ўзи буткул ўраниб олган ниқобининг уёқ-буёғини тўғрилаб олади.

Image copyright BBC World Service

"Бу ердаги одамлар қўрқувда. Улар кутилмаганда бутун дунёнинг кўзига тушиб қолишдан қўрқишади. Чунки жамиятимиз шу пайтгача ёпиқ бўлиб келган. Улар эса, келиб, бизни ўзгартиришмоқчи. Биз уларга ўз қадриятларимизни қандай қилиб кўрсатамиз", - дейди у.

Одамларнинг ирқларига қараб, Қатарда жамият табақаланган. Нотенглик эса, жуда яққол кўзга ташланиб туради.

Дейлик, муҳожир ишчиларни қарийб қулларга тенглаштириб қўйган кафала тизимини бекор қилиш ёки четдан келганларга Қатар фуқаролигини бериб, бироз бўлса-да мувозанатни тиклашга боришмайди.

Улар бундай қилишса, қандайдир беқарорликлар келиб чиқиши ва маданий қадриятларининг оёқ-ости бўлишидан чўчишади.

Аммо, таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда бу ердаги барқарорликка ҳам, тиш-тирноқлари билан авайлашга ҳаракат қилаётган қадриятларига ҳам аллақачон путур етган.

Чунки Саудия Арабистони ва бошқа қўшни давлатлар билан минтақавий иттифоқчилигининг тагига зил ета бошлаган.

Устига устак, ҳали саккиз йил қолган бўлса ҳам, қатарликлар футбол бўйича жаҳон биринчилиги ҳаётимизни қай томонга ўзгартириб юбораркан, деган хавотирда.

Ҳукумат ҳам айнан биринчилик сабаб ислоҳотлар ўтказишга оид босим остида қолиши мумкин.

"Мен, масалан, шу пайтгача кафала, деган тизим нималигини билмасдим. Ҳозир эса, нега унга аввалроқ барҳам бермаган эканмиз, деб бошим қотган", - дейди қатарлик ёш аёллардан бири биз билан суҳбатида.

Corniche орқасидаги "Соук Вақиф" бозорида эса, куннинг кечки салқинида одамлар каҳва ҳўплаб, чилим чекканча, ҳордиқ чиқаришади.

Бу бозор ҳам бундан ўн йилча бурун худди қадимгисига ўхшатиб қайта қурилган.

Бу эркаклар қўлларида куракчаю супурги билан айланиб юрган мен билан ягона бозор бўлади. Доҳада тозалик ҳамма муккасидан кетган нарсалардан бири бўлади.

"Айрим қатарликларга ачинаман ҳам", - дейди Қатарда бир неча йилдан буён яшаб келаётган америкалик академиклардан бири.

Суҳбатдошимнинг айтишича, "Улар ҳаётдаги энг муҳим қадриятларни деярли унутиб қўйишган".

Бу мавзуда батафсилроқ