Энди Ҳиндистон ҳам Афғонистонда нотинчлик қўзғаши мумкинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Кўплаб афғон ҳарбийлари Россия ҳарбий жиҳозларини афзал билишади

Ўтган бир неча йиллар давомида Ҳиндистон Афғонистон президенти Ҳомид Карзайнинг мамлакат армияси учун оғир аслаҳалар етказиб бериш борасидаги илтимосларига усталик билан кўз юмиб келаётганди.

Карзай жаноблари сўраган қуроллар узоққа отувчи тўплар, танклар ва ҳарбий учоқлар эди.

Америка Қўшма Штатлари ўтган ўн йил давомида Афғон армияси учун миллиардлаб доллар сарфлади.

Аммо Вашингтон Афғонистон қуролли кучларини анчайин енгил, яъни жанговар ҳужум учун эмас, кўпроқ муҳофаза учун ихтисослаштириб қўйди.

АҚШ ва Ҳиндистон ҳам Афғонистон армиясини такомиллаштиришда қўшни Покистоннинг жиғига тегиб қўймаслик учун эҳтиёткорона ҳаракат қилишди.

Яқингача Афғонистон – Покистон чегарасидаги вазиятга доир иккала давлат армиялари ўртасида зиддият мавжуд эди.

Афғонлар Покистонни ўз ҳудудларидан Толибларга бошпана бериш ва уларни чегара оша Афғонистонга кириб келишига монелик қилмасликда айблайди.

Иккала мамлакат ҳам чегаранинг анчайин йирик минтақасида ҳеч қандай назоратга эга эмас.

Деҳли ва Исломобод орасида...

Ҳиндистон Карзай жанобларининг илтимосларига кўз юмиб келар экан, бу Исломободда анчайин хуш қаршиланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Деҳлининг Кобулга яқинлашиши Исломободни хавотирга солади

Улар Афғонистондаги ўзаро рақобатларига доир кескин чиқишлардан тийилиб келдилар.

Бундан бир неча йил аввал Ҳаққоний тармоғи Кобулдаги Ҳиндистон элчихонасига ҳужум уюштирар экан, айни ҳужум икки давлат ўртасидаги муносабатларга синов бўлди.

Ҳиндистон ва Америка Покистоннинг жосуслик хизматини бир неча бор айблади.

Айни хизмат Ҳаққоний тармоғи билан 1970 йиллардан бери бирга ишлаб келиши айтилади.

Орадан йиллар ўтди.

Америкаликлар шу йил охирига қадар Афғонистонни тарк этишади.

Ҳозирга қадар чала эришилгани шуки, Ҳиндистон Россиянинг енгил ўточар қуроллари ва ракеталарини Афғонистон учун сотиб олади, аммо иккала давлат ҳам келажакда оғир қуролларни ҳам етказиб бериш эҳтимолини инкор этмайди.

Шўро қуроли АҚШникидан яхшими?

Афғонлар узоқ йиллар давомида руслар ва ё Шўролар қуроллари билан жанг қилишди.

Улар рус қуролларини Ғарбникидан кўра устун кўришади.

Америка назорати ва молияси билан Россия Афғонистонга M-17 тикучарларини келтирди.

Айни русумдаги тикучарлар билан Шимолий Иттифоқ кучлари Толибларга қарши йилларки урушиб келганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Келажакда Афғонистон армиясига ким маош тўлайди - номаълум

Буларнинг бари табиийки, Покистонни қаттиқ хафа қилади.

Ҳиндистон билан Афғонистонга таъсир доирасини кучайтириш йўлида рақобатли курашни авж олдиради.

Ҳозир Покистон Афғон толиблари ва уларнинг раҳбари Мулло Муҳаммад Умарга бошпана берар экан, Кобул ҳам мамлакат ҳудудидан Покистон толиблари раҳбари Мулла Фазлуллоҳга жой бермоқда.

Аммо иккала томон ҳам буни рад этади.

Бу каби рақобат ҳозирнинг ўзидаёқ икки мамлакат армияси ўртасида чегара оша қуролли тўқнашувларга сабаб бўлди.

Айни қурол-яроқ шартномаси эса яна ўтган аср тўқсонинчи йилларнинг қонли фуқаролар урушини қайта бошланишига туртки бериши мумкин.

Ўшанда Покистон Толибларни, Ҳиндистон, Эрон, Россия ва Марказий Осиё давлатлари эса Шимолий Иттифоқни дастаклашган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ