Украина: бўлгинчилар референдум ўтказишга келишганлар

Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчилар 11 майга белгиланган федерация ҳақидаги референдумни қолдирмаслик қарорига келганлар.

"Референдум 11 майда бўлади", - деган Донецкдаги россияпарастлар раҳбарларидан Мирослав Руденко Интерфаксга.

Олдинроқ Россия Президенти Путин референдумни бошқа муддатга кўчириш таклифи билан чиққан эди.

Чоршанба куни ЕҲҲҚ вакили билан учрашувдан сўнг Владимир Путин бўлгинчилардан Украина шарқидаги вилоятларнинг мустақиллиги учуч режаланган референдумни бошқа муддатга қолдиришни сўраган, расмий Киевдан эса бўлгинчиларга қарши амалиётларни тўхтатишга чақирган эди.

Донецк ва Луганскдаги россияпарастлар бу масалани бугун "халқ кенгаши"да кўриб чиқишларини айтганлар.

Референдум ўтказиш керакми?

"Биз Путиннинг тутаётган мавқеини ҳурмат қиламиз. У мулоҳазали сиёсатчи ва шунинг учун унинг таклифини халқ мажлисида муҳокама қилиб бир қарорга келмоқчимиз", деган "Донецк халқ республикаси" раҳбарларидан бири Денис Пушилин.

Луганскдаги бўлгинчилар ҳам Путиннинг референдумни қолдириш ҳақидаги таклифи барча тарафдорлари билан муҳокама қилинишини билдирганлар.

Баъзи фаоллар, жумладан "Донецк халқ республикаси" вакили Александр Васковский референдумни қолдириб бўлмаслигини ва уни ўтказишга тайёргарлик кетаётганини айтмоқда.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи воқеалар ривожининг бу тарзда ўзгаришини, ҳамда Путиннинг таклифини қувватлаганлар. Улар 11 майга белгиланган референдум ўтган тақдирда ҳам ноқонуний ҳисобланиши, шунинг учун референдумни тўлиқ бекор қилиш мақсадга мувофиқлигини айтишган.

ЕҲҲТ нинг амалдаги раиси Швецария президенти Диде Буркхалтер билан музокаралардан сўнг Владимир Путин референдумни орқага суриш музокаралар столига ўтириш имконини яратишини айтди.

Путиннинг Украинада "25 майга белгиланган президентлик сайловлари "тўғри йўлдаги ҳаракат" деган фикри кўпчилик учун кутилмаган бўлди.

Айни вақтда жаноб Путин "фуқаролар ўз ҳуқуқлари кафолатланганига ишонч ҳосил қилмас экан сайловлардан маъно йўқлиги, Украинада шарқидаги одамларнинг ҳуқуқлари таъминлаши зарурлиги"ни ҳам урғулаган.

Москва Украинадаги инқироз сабаб русийзабон аҳолини ҳимоя қилишга ваъда бериб келади.

Бундан олдин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров президентлик сайловларини "одатий эмас"лигини айтган бўлса, Кремл матбуот воизи Песков ҳозирги вазиятда сайловлар ўтказиш абсурд" деганди.

Россия президентининг мурожаатидан сўнг унга жавобан муваққат бош вазир Арсений Яценюк 11 майда Украинада ҳеч қандай референдум белгиланмагани ва Путиннинг бундай гаплари "катта давлат раҳбари"га ярашмаслигини ҳам қайд этган.

Амалиётлар давом этади

Украина ҳукумати мамлакат шарқида бўлгинчиларга қарши ҳарбий амалиётларни ҳали тўхтатганича йўқ.

"Референдум муддати кўчириладими ёки улар референдум натижаларини эълон қиладиларми, ҳеч бир аҳамияти йўқ. Аксилтеррор амалиётлар давом этаверади", деб маълум қилган Украина Хавфсизлик кенгаши раҳбари Андрей Парубий.

Ўз навбатида Украинанинг вақтинча президенти Олександр Турчинов Путиннинг мурожаатини изоҳлаган ва ҳукумат Донецк ҳамда Луганск вилоятларидаги халқ вакиллари билан музокараларга тайёрлигини билдирган.

Бироқ унинг сўзларига кўра, қўли қон бўлган жиноятчилар билан музокара ўтказилмайди.

"Фақатгина кимки қотилликка алоқаси бўлмаса, қуролни топшириб, эгаллаб олган биноларни бўшатса улар амнистияга тушади".

Қўшинлар кетмаган

Чоршанба куни Владимир Путин Россия армияси Украина чегараларидан узоқлаштирилганини билдирган.

"Қўшинларимиз боис хавотирлар юзага келгани ҳақида бизга тинмай айтишди" - деб изоҳлади Владимир Путин - "Ҳозир уларни одатий ўқув-машғулотлари ўтказиладиган жойга кўчирдик".

НАТО расмийлари Россия қўшинлари чегарадан олиб кетилгани кузатилмаганини айтмоқда.

Россия президентининг Украина масаласида фикрини кутилмаганда ўзгартириши кузатувчиларда турли фаразларни туғдирди.

Политолог Дмитрий Орловга кўра, Путин Украина жануби-шарқи ва Киев ҳукумати ўзаро тил келишувига умид қилмоқда. Унинг ҳозирги мавқеини ана шу музокараларга умид қилаётганидан дейиш мумкин.

Сиёсатшунос Алексаей Воробёвнинг фикрича, охирги пайтда вазият Киев ҳукуматининг ҳаракати билан тупикка кириб қолди. Лекин тинч аҳолига қарши куч ишлатиб турилганда ижобий натижа кутиш қийин.

"Путиннинг қарори таранг вазиятда танаффус жуда муҳимлигини англатади. Украинадаги ҳолат фуқаролар урушига яқин бориб қолди. Ва хоҳлаган пайтда бу воқеалар ҳар қандай кўринишда Россияга ўтишини кутиш мумкин. Украинадаги воқеалар бизга талуқли эмас, дейиш хомхаёлдир", деб айтади таҳлилчи Александр Кинев.

Баъзи кузатувчилар 9 май Ғалаба кунидан кейин бунинг сабаблари кўпроқ ойдин бўлишини башорат қилса, бошқаси Украинада Путиннинг режалари иш бермагани, ёки жазо чоралари шахсан Путинга ва унга яқин мулозимларга таъсир қилганини айтмоқдалар.

Шунингдек, Оврўпо расмийлари билан парда ортидаги музокараларда Украинадаги сайловлар ва воқеалар ривожи Россия манфаатларига зиён қилмасликка келишув бўлгани мумкинлиги ҳам тахмин қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ