Мусулмон уламолар 'Боко Ҳарам' амалини қораладилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Нигериядаги "Боко Ҳарам" гуруҳи раҳбарининг ўғирланган қизларни сотиш қарорини қоралаганлар, бу амал Ислом дини обрўсини тўкишга хизмат қилишини айтганлар.

Сунний Ислом оламида энг олий нуфузли маъмурият ҳисобланадиган Саудия Арабистони Олий Муфтийси Абдул Азиз ибн Муҳаммад ибн Абдул Раҳмон ибн Абдуллоҳ Аш-Шайх Араб тилида нашр қилинадиган "Ал-Ҳаят" рўзномасига интервью берган.

Бу суҳбатида Олий Муфтий Абдул Азиз Аш-Шайх "Боко Ҳарам" гуруҳи раҳбари Абубакар Шекаунинг "Оллоҳнинг буйруғи билан" 200 қизни ўғирлагани ҳақидаги баёнотини қоралаган.

Мухбирлар Саудия Арабистони олий муфтийсининг одатда исломий жангарилар содир этган зўравонликларни шарҳламаслигига эътибор қаратадилар.

9 май куни эълон қилинган "Ал-Ҳаят" рўзномасига интервьюсида Олий Муфтий Абдул Азиз ибн Муҳаммад ибн Абдул Раҳмон ибн Абдуллоҳ Аш-Шайх айтишича, Нигерияда соф исломий давлат барпо этишни мақсад қилган "Боко Ҳарам" радикал ҳаракати нотўғри йўлда ва бу йўлдан воз кечиши керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“Бу гуруҳ Исломни ёмонотлиқ қилаяпти ва уларга маслаҳат бериш керак. Уларнинг нотўғри йўлда экани кўрсатилиб, улар бу йўлдан қайтишлари лозим", деб айтган Олий Муфтий Абдул Азиз Аш-Шайх.

Шунингдек, Олий Муфтий Абдул Азиз Аш-Шайх ўғирланган қизларни мажбуран турмушга узатиш Исломда тақиқланганини айтган.

"Боко Ҳарам" гуруҳи Нигериянинг Камерун давлати чегарасига яқин Чибок қишлоғидаги мактабдан 250 атрофида қизни 14 апрел куни ўғирлаган.

Бу пайтда қизлар мактабда имтиҳот топшираётган бўлганлар.

53 қиз қутулишга маваффақ бўлган.

5 май куни "Боко Ҳарам" гуруҳининг раҳбари Абубакар Шекаунинг видеоси пайдо бўлган, бу видеода қизлар ўғирланиши учун "Боко Ҳарам" раҳбари гуруҳ масъул эканини тан олган.

Видеомурожаат ортидан қатор мамлакатлар, хусусан, АҚШ, Британия ва Франция ўғирланган қизларни қидириб топиш ишларида Нигерияга ёрдамларини таклиф қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

БМТ Хавфсизлик Кенгаши қизларнинг ўғирланганидан дарғазаб бўлган ва ўқувчи қизларни зудлик билан озод қилишга чақирган.

АҚШ БМТ томонидан "Боко Ҳарам" гуруҳига қарши чора кўриш таклифини илгари сурган, Хавфсизлик Кенгаши "Боко Ҳарам"га қарши "муносиб чора" кўриш ҳақида ўйлаб кўришини билдирган.

8 май куни жаҳондаги 57 мамлакатни бирлаштирган Исломий Ҳамкорлик ташкилоти "Боко Ҳарам" ҳаракатини қоралайдиган баёнот эълон қилганлар.

Исломий Ҳамкорлик ташкилотига кўра, қизларни ўғирлаш "Ислом динини жуда нотўғри талқин қилишдир".

Қоҳирадаги энг нуфузли исломий ўқув даргоҳи "Ал-Азҳар" ҳам бу борада баёнот эълон қилган, унда қизларни ўғирлаш "Исломнинг яхши хулқ-атворга ва сабр-тоқатлиликка чақирадиган таълимотига зиддир".

Одатда ташқи сиёсат масалаларидан узоқда туришни афзал биладиган АҚШ Президенти рафиқаси Мишел Обама ҳам нигериялик қизларни озод қилиш мақсадидаги кампанияга қўшилган.

Ҳар шанба куни президент радио орқали Америка халқига мурожаат қилади, 11 май куни Обама хоним турмуш ўртоғининг ўрнига чиқиш қилиб, қизларни озод қилишга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ