"Оврўнигоҳ": Феникс ҳақидаги қўшиқ билан транссексуал хонанда ғолиб чиқди

  • 11 Май 2014
Image copyright NA

Оврўпонинг 26 давлати Австриянинг транссексуал хонандаси Кончита Вурст "Rise Like a Phoenix" қўшиғига энг юқори баҳо берди.

"Оврўнигоҳ"да энг кўп шов-шувга сабаб соқолли хонанда образида чиққан 25 ёшли Том Нойвирт жами 290 балл тўплади.

"Бу кеча тинчлик ва эркинликка ишонган инсонларга бағишланади. Сиз ўзингизни биласиз, биз биргамиз ва бизни тўхтатиб бўлмайди", деб айтди ўз ғалабасидан ўта ҳаяжонда бўлган хонанда саҳнадан туриб.

Ҳолланднинг "The Common Linnets" гуруҳи 238 балл билан иккинчи, 218 овоз олган швед хонандаси Санна Нилсен учинчи ўринни эгаллади.

"Оврўнигоҳ" да қатнашиш шартларидан бири саҳнада сиёсатга боғлиқ матн ва ташвиқотлар, шунингдек ҳақорат сўзларни ишлатиш тақиқланади.

Шундай бўлсада, кузатувчилар "Оврўнигоҳ" аллақачон қўшиқ байрами эмас, сиёсий қарашларга боғлиқ маросимга айланганини айтиб танқид қилишади.

Бу гал Украинадаги вазият сабаб россиялик иштирокчи опа-ука Толмачёваларга дастлабки ярим финалда томошабинларнинг салбий муносабати яққол кузатилди.

Бундан фарқли украиналик хонанда Мария Яремчук чиқишида томошабинлар олқишлаб, сиёсий воқеларда гўёки Украина мавқеини қувватладилар.

Овоз бериш мобайнида россиялик қўшиқчи қизларга 22 давлат бир балл ҳам овоз бермагани кўринди.

Танлов натижаларига кўра, "Tick-Tock" қўшиғи билан украиналик Мария Яремчук олтинчи, "Shine" қўшиғини ижро этган россиялик Толмачёвалар еттинчи ўринни эгаллашди.

Табиийки, ижтимоий тармоқларда "Овронигоҳ" ғолибасию, қолган бошқа қўшиқчилар қизғин муҳокама қилинмоқда.

Баъзи интернет фойдаланувчиларга кўра, Россия ва Украина иштирокчилари томошабинларнинг турлича муносабатларига қарамай кетма-кет ўрин олгани ҳам рамзий аҳамиятга эга.

"Сиёсатга қарамасдан, халқларимиз доим бирга. Овронигоҳ ҳам буни кўрсатди. Ушбу ҳақиқатни раҳбарларимиз ҳам тушуниб олишини, Украинада тезроқ тинчлик ўрнатилишини хоҳлаймиз", деб ёзади россиялик Игор.

Шунингдек транссексуал хонанданинг "Овронигоҳ"да ғолиб чиқиши ҳам қарама-қарши фикрларни қизитган. Аксарият томошабинлар буни уят, шармандалик деб баҳолашган.

Бошқалари эса Кончита Вурстнинг ажабтовур кўриниши эмас, кўпроқ ижроси ғолиб чиққанини айтиб, баҳсларга чек қўйишга ҳаракат қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ