Соқолли аёл қўшиқчига Россияда ўрин йўқми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бўш вақтида коммунист Валерий Рашкин альпинистлик билан шуғулланади. У шўролар даврида ҳам тоғ ошган.

Лекин бугунги кунда у ўзгача "чўққи"ни забт этмоқчи. У ҳам бўлса Россияни Оврўнигоҳ қўшиқ конкурсидан "қутқариш".

"Ўтган ҳафтада Оврўнигоҳ конкурси финалини қайғу билан кузатдим. Соқолли аёлга биринчи ўринни бериш бу инсониятнинг ўзини ўзи ўлдириши билан баробар", дейди у.

Валерий куюниб гапираётган шахс Австриялик Кончита Вурст. Аёллар уст-бошини кийишни одат қилган Вурстнинг конкурсда биринчи ўринни олиши Россия ҳукумати ва расмий идоралари даҳлизларида катта "акс-садо" бермоқда.

Россиялик сиёсатчилар Кончита Вурстни Оврўпонинг аҳлоқий таназзулга юз тутгани далили сифатида келтирмоқдалар.

Қўшиқ конкурси финали тугаши билан бир неча дақиқа ўтмасданоқ миллатчи Владимир Жироновскийнинг телевидение орқали айтишича, "бу Овропонинг тугаши. Чириб-битгани далили. У ерда эркагу-аёл қолмади. Ҳамма жонсиз нарсага айланган".

Агар Валерий Рашкин ўз мақсадига эришса, Россия бундан буён Оврўнигоҳ конкурсида иштирок этмайди.

У бу ҳақда расмий ариза ҳам топширган. Унга кўра, Оврўнигоҳ конкурси ўрнига "Россия овози" номли янги конкурс ташкил қилиш керак.

"Менинг ишончим комилки, ақли -ҳуши жойида бўлган ва ватанини севган ҳамма бу ғояни қўллаб қувватлайди. Бу янги конкурс мутлақо ўзгача қадриятларни тарғиб қилади, тарнссексуаллар ёки ҳамжинсбозликни эмас", дейди у.

Россия парламенти аъзоси Олег Нилов ҳам Оврўнигоҳнинг ашаддий "душманларидан".

Унинг парламентда айтишича, турли қора кучлар Россиядан қатнашчиларнинг ғолиб бўлишларига йўл қўймаган.

"Улар бизнинг қизларимизни соқол эмас, ўрилган сочга эга бўлганлари учун ёқтиришмади", дейди у ва рус халқ қўшиғини куйлаб кетди.

Лекин нима учун айнан Думада қўшиқ конкурси бу қадар қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда?

Ўтган йили президент Путин "анаъанавий бўлмаган жинсий алоқалар тарғиботи"ни чекловчи қонунга имзо чекканди.

Россия расмийларига кўар, бу қонун балоғатга етмаганларни ҳимоя қилиш ва Россия жамиятида оила қадриятларини тарғиб қилиш учун керакдир.

"Твой день" рўзномаси эса шу кунларда Кончитанинг ғалабасига норозилик кампанияси сифатида соқолни олиб юришга даъват қилди.

Санкт-Петербург шаҳар маъмурияти аъзоси Виталий Миронов эса, Кончита Россияга концерт билан келгудек бўлса бунинг олдини олиш керак, дея ҳисоблайди.

"Бу касал шахснинг бу ерда концерт беришининг олдини олиш керак. Бу ҳамжинсбозларнинг тарғиботи жирканч. Оврўнигоҳни ўлдирдинглар. Оврўнигоҳ бўлган жойда ҳозир Кончита Вурст исми битилган қабр тоши турибди. Балким келаси йил биз конкурсга қўшиқ айтувчи айиқни йўллашимиз керакмикан? Ёки Россия Жосуслик Хизмати раққослар гуруҳиними? Очиғини айтганда бировни юборишнинг ҳам маъноси қолмади, адолатли овоз бериш бўлмаса", дейди Виталий Миронов.

Кончитанинг ғалабасига Россияда қарши чиқаётганлар фақатгина сиёсатчилар эмас.

Ижтимоий тамоқларда Кончитага қарши кампаниялар кетмоқда. Россия телевидениеси юлдузлари ва поп қўшиқчилари ўзларининг соқоллари олинган ҳолдаги суратларини чоп этишмоқда.

Лекин Россияликлар томонидан конкурс вақтида берилган овозларга қарасангиз ўзгача манзара намоён бўлади.

Россиялик қўшиқ мухлислар Кончитага учинчи ўрин берганлар. Кўринишича оддий қўшиқсеварлар парламент аъзолари кутганидан камроқ соқолли аёлдан ҳайратга тушганлар.

Лекин Виталий Миронов овоз бериш натижалари "сохта" эканлигини айтади.

Аммо Россия давлат телевидениесида ҳам "нима учун биз ҳамиша кимнидир ёқтирмаслигимиз керак" деган фикрлар янграмоқда.

Копенгагендан жонли равишда олиб берилган финал кўрсатуви вақтида ҳам бу йилги Россия номидан айтилган қўшиқ муаллифи Филип Киркоров "келинг ғолибни ҳурмат қилайлик" деди.

Кончита Вурстнинг ғалабаси ҳақида сизнинг фикрингиз қандай?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ