Туркия конидаги портлаш натижасида ўлганлар сони ортмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Бу Туркия тарихидаги кўмир конида рўй берган энг катта фалокатлардан бири деб айтилмоқда, дунёнинг қатор ахборот агентлик ва телеканаллари кон оғзидаги қутқариш ишларини тўғридан-тўғри эфирга узатганлар.

Телеканалларни томоша қилганлар конга кириш жойида кончилар қариндошларининг улкан оломони тўпланганини кўрганлар, кўнгилни бузадиган манзара юзага келган.

Бир она "ўғлимнинг пенсияга чиқишига атиги 2 ойгина қолгандия", деб йиғлайди.

Қутқарувчиларнинг замбилда тирик инсонни ер остидан олиб чиқишлари қий-чув овозлар ва олқишлар билан қарши олинган.

Туркия Энергетика вазири Танер Йилдизнинг айтишича, Маниса бўлгаси Сома шаҳридаги коннинг электр тармоғида келиб чиққан носозлик туфайли портлаш юз берган у ерда 787 одам бўлган.

Ҳалокат пайти кундузи ишлаганлар тепага чиқаётган, кечаси ишлайдиганлар эса кўмир конига тушаётган бўлганлар.

Чўкиш рўй берганда 250 кончи ташқарига чиқишга муваффақ бўлган.

Қутқарувчилар ер остида қолиб кетган юзлаб кончиларни чиқариб олиш устида туни бўйи ишлаган.

Ушбу хусусий кон пойтахт Анқарадан 450 километрлик масофада жойлашган.

Энергетика вазири Танер Йилдиз кўплаб одам кондаги заҳарли газ натижасида ўлганини айтган. Қолганларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида кон ичига насослар ёрдамида кислород юборилган.

Расмийларга кўра, кучли портлаш 2 километрча ер ости йўлини вайрон этган.

Ёнғин қутқарув ишларига халақит қилаётгани айтилган.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўған Албанияга режаланган сафарини қолдирган.

Бош вазир айтишича, 238 инсон ҳалок бўлгани маълум, 80 киши жароҳатланган.

Яна 200 кончи тақдири номаълум қолаётгани айтилган.

Ундан кейин қурбонлар сони ортгани хабар қилинди, маҳаллий вақт билан кечки соат 8 да камида 245 инсон ҳалок бўлгани тасдиқланди.

Қатор Оврўпо расмийлари шунча кўп инсон ўлими ва жароҳатланишига сабаб бўлган техник фалокатдан ларзага келганларини айтганлар.

Айрим касаба уюшмалари Туркия кончиларининг иш шароитини яхшилаш талаби билан иш ташлашга чақирганлар.

Туркиядаги мухолифатдаги Республикачилар партияси ҳалокатда ҳукуматни айблаган, партиямиз парламентда ушбу кондаги хавфсизлик вазиятини кўтарган эдик, деб айтган.

Кондаги бахтсиз ҳодиса туфайли бутун мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинган.

Туркия конларидаги энг йирик портлаш 1992 йили Қора денгиздаги Зонгулдак бандаргоҳидан унча узоқ бўлмаган жойда содир бўлган.

Ўшанда 263 кончи ҳалок бўлганди.

Your contact details
Disclaimer