Исломдан воз кечгани учун ўлим жазоси билан юзма-юз

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Судан маҳкамаси 27 ёшли Марям Яҳъёга яқинда қабул қилган насроний динидан воз кечиши учун пайшанба кунигача муҳлат берган.

Акс ҳолда Марям Яҳъё ўлимга юз тутади.

Марям Яҳъё Исломий эътиқоддан воз кечиш, зино қилишда айбланади.

Яъни маҳкамага кўра, у насроний кишига турмушга чиққани учун никоҳи ҳалол ҳисобланмайди.

Reuters ахборот агентлигига кўра, Марям билан боғлиқ ҳодиса Суданда илк бор юз бермоқда.

Маҳкама охирги қарорни 15 май куни беради.

Судан фаоллари айблов ҳукмини кескин қоралаганлар ва Судан ҳукуматини инсонларнинг эътиқод эркинлигини ҳурмат қилишга чақирганлар.

“Ушбу воқеа тафсилотлари Судан режимининг фуқаролар шахсий ҳаётига қўпол равишда аралашишини англатади”, деб айтган Судан Ёшлар ҳаракати ўз мурожаатида.

Хартумдаги Ғарб элчихоналари ҳам ушбу иш бўйича “чуқур хавотирлари”ни билдиришган.

“Биз Судан ҳукуматини инсонларнинг дин эркинлиги, хусусан ўз қарашлари ва эътиқодини ўзгартириш ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирамиз”, дейилади АҚШ, Канада, Британия ва Ҳолландия элчихоналари биргаликда эълон қилган мурожаатда.

Ғарб дипломатлари Судан ҳукуматини “Марям хоним ишига адолат ва тушуниш билан ёндашиш”га чақирган.

Айни вақтда Судан Ахборот вазири Аҳмад Билол Усмон “Бу нафақат Суданда, Саудия Арабистони ва ҳамма мусулмон мамлакатларида мусулмоннинг ўз динини ўзгартиришига йўл қўйилмайди”, деб айтган Франс Пресс агентлигига.

Президент Умар Ҳасан ал-Башир ҳукумати 2011 йилда нефтга бой Жанубий Суданнинг ажралиб чиқиши натижасида улкан иқтисодий ва сиёсий муаммолар қаршисида қолган.

Баширнинг қаттиқ иқтисод чораларини жорий қилиш ҳаракатлари мамлакатда катта норозилик намойишларини келтириб чиқарган, ўнлаб кишилар ўлдирилган, юзлаби жароҳат олган.

Бу мавзуда батафсилроқ