АҚШ тамаки далаларида болалар меҳнати

Image caption 13 ёшли Фернандо ва унинг акаси тамаки даласида ишлаб, ҳафтасига 500-600 доллар топган вақтлари бўлган.

АҚШ тамаки далалрида ёш болалар авлодлар оша ишлаб келганлар.

Лекин Human Rights Watch нинг янги ҳисоботига кўра, бу амал зарарли ва ислоҳотга муҳтож.

Тамаки Шимолий Каролина штатида кенг миқёсда етиштирилади ва штат иқтисоди учун муҳим.

13 ёшли Фернандо эрталаб соат олтидан кечгача тамаки экилган эгатлар узра юриб гулларини узади, баргларини кесади.

"Кўплар тамакига ишлатилган кимёвий моддалардан сақланиш учун қўл ва бош учун тешиги бор қоп кийиб оладилар. Мен ишга чиққан биринчи куним кимёвий моддалар юзимга тегаверганидан кечқурун уйга келганимда бутун юзим ачишиб, ёнганди", дейди Фернандо.

Фернандо ва унинг акаси ўтган йили ёзда 3 ой ҳафтасига 72 соат ишлаб, тамаки баргини тердилар. Бунинг учун ёшлари 12 ва 13 да бўлган болалар ҳафтасига 500-600 доллар ҳақ олдилар.

Ҳайратланарли ери шуки, бу ҳолат жорий Америка қонунларига зид эмас.

Икки йил аввал бу борада қонунга ўзгартиришлар маъқулланмади. Эндиликда ҳуқуқ фаоллари тамаки саноатининг ўзи болаларнинг тамаки далалрида ишлашларига нисбатан аҳлоқий қарор беришларига умид қилмоқдалар.

"Мен шудринг босган ва бўйи бўйларидан баланд бўлган тамаки оралаб юрган болаларни кўрдим. Уларнинг терилари орқали никотин сизиб киради. Биз суҳбатлашган болаларнинг аксари никотин билан заҳарланиш белгилари ҳақида айтишди. Кўнгил айниш, қусиш, бош оғриғи ва бош айланиш уларнинг ҳамиша ҳамроҳи", дейди Human Rights Watch номидан тадқиқот олиб борган Маргарет Вурс.

Human Rights Watchга кўра, болалар шунингдек хавфли ускуналар яқинида, хавфли меҳнат қуроллари билан ҳам ишлайдилар.

Ташкилотнинг айтишича, бу билан АҚШ Халқаро Меҳнат Ташкилоти конвенцияларини бузмоқда.

Вашингтон қонунларига кўра, болалар фермерлик хўжаликларида ишлашлари мумкин, лекин фақатгина мактабдан тишқари соатларда. Лекин неча соат ишлашлари мумкинлиги ҳақида ҳеч нима айтилмаган.

Image caption Жессика Родригезга кўра, болалар кўчада санғиб юрганларидан кўра, далада ишлаб пул топрганалари яхши.

Ҳуқуқ фаоллари болаларнинг далаларда ишлашларини бутунлай тақиқлаш керак деган фикрдалар.

"Бразилия каби мамлакатларда 18 дан ёш бўлган болаларнинг тамаки далалари дохил кўплаб соҳаларда ишлашлари тақиқланган", дейди Маргарет Вурс.

Жои Скоттнинг саккиз авлоди Шимолий Каролинада тамаки етиштириш билан шуғулланиб келган.

"Менинг болалагим тамаки хўжалигида ўтган. Менинг ота-онам мен учун ҳеч қандай хавф кўришмаган. Мен ҳам ўз фарзандларим учун буни хавф сифатида кўрмайман", дейди Жои Скотт.

Скоттнинг ўзи 18 кирмаган болаларни ишга ёлламаса ҳам, бошқа фермерлар шундай қилаётганликлари эҳтимолини рад этмайди.

Лекин унинг айтишича, болаларнинг далада ишлашлари минтақа анъаналари билан боғлиқ.

"Мен ота-боболарим қилган ишни қилиб ҳаётдаги кўплаб қадриятларни ўрганганман. Далада ишлаб бир долларни топиш не қадар қийин эканлиги, пулнинг қадри ва ишлаган пулингни қандай қилиб тўғри йўлда ишлатишни англаб етганман", дейди у.

Ёзги таътил вақтида тамаки даласида ишлаган Фернандо ва унинг акасининг онаси Жессика Родригез ҳам ҳудди шундай фикрда.

Унинг айтишича, мактабдан бўш вақтда кўчада санғиб, ҳар ҳил болаларга қўшилиб безорилик қилгандан кўра, далада ишлаганлари маъқул.

Лекин болаларининг далада ишлашларига асосий сабаб иқтисодий қийинчилик эканлигини тан олади.

"Бошимиз узра том ва столимизда овқат, электр ва сувга тўлаш учун маблағ йўлида нима қилиш керак бўлса ўшани қилиш керак", дейди у.

Албатта болаларнинг онаси ўғиллари кимёвий моддалар таъсиридан шикоят қилган вақтлари хавотирга тушишини тан олади.

Human Rights Watchнинг айтишича, болалар меҳнатини тақиқловчи аниқ-таниқ қонунлар керак.

Ташкилот шунингдек, тамаки ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлар маҳаллий жамоаларга маблағ ажратиб, ота-онларинг ўз фарзандларини хавфли бўлган далаларга ишлашга юбориш эҳтиёжини йўқотишга ёрдам беришларига умид қилмоқда.

Бу муаммолар ҳал қилингунга қадар эса далаларда тамаки ўсаверади ва уни парваришлаш ва териш учун ҳар ёшдаги ишчиларга эҳтиёж ҳам сақланиб қолаверади.

Болалар меҳнати ҳақида сиз қандай фикрдасиз? Меҳнат болалар тарбияси ва қадриятларни тарбиялашда рол ўйнайдими ёки уларнинг ривжланиши ва таълимига зарар етказадими?

Ўзбекистон пахта далаларидаги болалар меҳнати билан АҚШ тамаки далаларидаги болалар меҳнати айни муаммоми?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Ўқувчилар фикрлари:

Тимур Фарзанди Facebook орқали: Урисияда картошка,Англияда қулупнай, бизда пахта, қаерга қочсин бечора болалар?!