Путин қўшинларини Украина чегараларидан олиб кетишни буюрди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Президенти Путин мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгуга Брянск, Белгород ва Ростов вилоятларида ҳарбий машқларда бўлган қўшинларини доимий дислокация жойига қайтаришга фармон берган.

Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар тарқатди.

"Қўшинларнинг мавсумий режали тайёргарликлари тугаши муносабати билан, Россия Президенти Владимир Путин Мудофаа вазири Сергей Шойгуга Ростов, Белгород ва Брянск вилоятларидаги ҳарбий полигонларида машқ ўтказган қўшинлар доимий ҳарбий базаларга қайтиши ва яқин полигонларда ҳарбий машқларни давом эттиришига буйруқ берди", дейилади матбуот хизмати хабарида.

Шу билан бирга Москва расмий Киевдан Украина жануби-шарқидаги жазо амалиётларини тезлик билан тугатишни талаб қилган. Россия Украинага муаммони тинч йўл билан ечиш кераклигини айтган.

Украинадаги вазият кескинлашиши орқасидан Россия 24 апрелда ҳарбий машқлар ўтказиш мақсадида чегарага 40 мингга яқин қўшинларини жойлаштирган.

Ўз навбатида Украина ҳам Россияга яқин чегараларида 15 минг қўшинини жамлаган. Бундан ташқари НАТО Украина билан чегарадаги аъзо давлатлари ҳудудида ҳарбий машқлар бошлаган.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу НАТО қўшинларининг Россия чегараларига келтирилишидан хавотир билдирган. Россия Ғарб оммавий ахборот нашрларида "аксилроссия талвасаси"ни қоралаган.