Донбасс: Ринат Ахметов бўлгинчиларга қарши намойишга чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ахметовга қарашли Метинвестнинг ишчилари ва милиция Мариупол кўчаларини қўриқламоқда.

Украиналик нуфузли бизнесмен ва тадбиркор Ринат Ахметов Донбасс аҳлини минтақада бўлгинчилик ва қон тўкилишига норозилик ўлароқ огоҳлантирув акциясида қатнашишга чақирган.

"Мен барча меҳнат ташкилотларини эртага огоҳлантирув ҳаракатига чақираман. Ушбу намойиш кун ярмида Донбасснинг барча корхоналарида чалинадиган гудок овози билан бошланади. Қон тўкилишларга қарши! Тинчлик учун!"- дейилади Ахметовга тегишли СКМ ширкати сайтида.

Миллиардернинг шошилинч мурожаати "Украина" телеканалининг одатдаги эфирини тўхтатиб, транслация қилинган.

Ринат Ахметов ҳаммани, жумладан ҳайдовчиларни ушбу акцияга қўшилишни таклиф қилган ва Донбассда тинчлик ўрнатилмагунга қадар кун ярмида гудок чалишга чорлаган.

47 ёшли Ринат Ахметов Украинанинг энг бой одами саналади. Forbes журнали унинг бойлигини 15,4 млрд доллар деб баҳолаган. Ахметов ўз бойлигини металлургия ва ёқилғи-энергетика соҳаларидан тўплаган.

"Систем Кэпитал Менеджмент" молиявий-ишлаб чиқариш гуруҳи орқали 100 дан ортиқ йирик корхоналарни назорат қилади.

Ахметов мурожаати

Бизнесменнинг таъкидлашича, душанба куни 50 минггача мариуполликлар қон тўкилишига қарши Тинчлик юришига чиқмоқчи бўлганлар. "Сабаби одамлар қўрқувда, террорда яшашдан, кўчага чиқиб ўққа дуч келишдан қўрқувдан чарчаганлар". Бироқ тинч намойишчиларга қарши бўлгинчилар қуролларни ишга солишга тайёр эканликликлари аниқ бўлгач, Ахметов ўзининг корхоналари ишчиларидан акцияни бошламай туришни сўраган.

"Шаҳарда қароқчилик ва ўғрилик. Донбассда автомат ва гранатометлар билан юришибди. Бу тинч ҳаёт ҳисобланадими? Бу энди кучли иқтисодми? Буни етарли иш ҳақи дейиладими? Йўқ! Ва айнан шунинг учун одамлар тинчлик маршига чиқишни хоҳладилар",- дейилади шунингдек Ахметов мурожаатида.

"Мен ҳаммага айтмоқчиман: бизни қўрқитиб, тўхтатиб бўлмайди. Ҳеч кимга, хусусан, ўзини қандайдир Донецк республикаси деб атаётганларга. Ким улар ҳақида эшитган",- киноя билан сўрайди олигарх.- Ким ДХР нинг раҳбарлари номини билади? Улар Донбасс учун нима қилишди?"

Олдинроқ Ринат Ахметов Донбасснинг аксарият аҳолиси Украина бирлигини қувватлаётганларини билдирганди.

Яқинда Ахметов Украина ҳукуматига мурожаат билан чиқиб Донбасс вилоятида аксилтеррор амалиётларни тўхтатишга чақирди. Буни кўпчилик Ахметовнинг "Донецк халқ республикаси"ни қувватлаш белгиси деб тушунганди.

Бироқ душанба кечқурун бизнесмен ДХР ва бўлгинчиликни қабул қилиб бўлмасликни билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Мен қандайдир ДХР Донбассни яксон қилишига йўл қўймайман", деган Ахметов.

Мариуполдаги давлат идораларини эгаллаб олганларни қувиб чиқарган Метинвест ишчилари бинони қўзғолончилардан қолган баррикада ва ахлатдан тозалашга киришдилар.

Ўтган жумада кўмир саноати ишчилари Мариупол кўчаларини баррикадалардан тозалаш учун ҳимоя кийимларида чиқишди. Мухбирлар айтишича, Донбассдаги иккинчи йирик шаҳарда аста-секин тартиб ўрнатилмоқда. Ишчилар милиция билан бирга шаҳарни қўриқлашда ва жамоат тартибини назорат қилишда кўмаклашмоқдалар.

Сайловларга тайёргарлик

Айни вақтда Украина оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Донецкнинг Горловкасида номаълум қуролли шахслар давлатнинг "Трансаммиак" корхонаси ишлаб чиқариш бошқармасига ҳужум қилганлар.

Хабарларга кўра, қуроллилар бир нечта автомашина ва компютерларни ўғирлаганлар. Бинога ҳам зарар етказилган.

"Трансаммиак" нинг раҳбарияти ҳужум ишлаб чиқаришга таъсир қилмаганини айтган.

Шу билан бирга Луганскда "Луганск халқ республикаси" раҳбарияти Украина президентлик сайловлари учун сайлов масканларини ёпишга қарор қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Луганскда Россияга қўшилишни орзу қиладиганлар оз эмас.

Фаолларнинг сўзларига кўра, "Луганск халқ республикаси" сайловларни ноқонуний деб билгани учун, ҳар қандай йўл билан вилоят ҳудудида президентлик сайловлари ўтишига қаршилик қилади. Уларнинг фикрича, Украина ғарби ва шарқини бирдек қониқтирадиган президент бўлиши мумкин эмас.

ЛХР фаоллари Луганск 25 майга белгиланган президентлик сайловларида қатнашмаслигини маълум қилганлар.

Айни пайтда АҚШ Давлат департаменти Украинадаги президентлик сайловларига тайёргарлик жараёнини қувватлаган.

"Украина ҳукуматининг президентлик сайловларига тайёргарлиги яхши кетмоқда. Мамлакатдаги 93 фоиз сайлов комиссиялари одатий тартибда ишламоқда", деган Қўшма Штатлар давлат департаменти расмий вакили Женифер Псаки.

"Украина шарқидаги минтақаларда, жумладан Қримда муаммолар бор. Бироқ мамлакатнинг аксарият ҳудудлари тинч ва сайловга шай турибдилар", деб айтган у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002