Донецкдаги ҳужумда украин аскарлари ҳалок бўлишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина расмийларининг тасдиқлашларича, мамлакат шарқидаги Донецк вилоятида ҳукумат кучларига қарши ҳужум оқибатида камида 14 аскар ҳалок бўлган.

Бу ҳозирга қадар Украина қўшинлари орасидан энг кўп қурбон бериш ҳодисасидир.

Айни ҳужумлар Украина президентлик сайловига уч кун қолганида рўй бермоқда.

Украина муваққат Бош вазири Арсений Ятсенюк БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғинини ўтказишга чақирди.

Унинг фикрича, айни зўравонликда Россиянинг қўли борлигига доир далиллар мавжуд.

Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, "террорчилар" Волнаваха минтақасидаги ҳукумат кучлари назорат нуқтасига ҳужум қилишган.

Донецк минтақасидаги бўлгинчи кучлар ҳукумат кучлари билан бир неча ҳафтадан бери тўқнашиб келмоқда эдилар.

Расмийлар ҳужумда "террорчилар"ни айбламоқда эканлар, бу тасниф украин расмийлари томонидан охирги вақтларда Донецк ва унга қўшни бўлган Луганск вилоятидаги россияпараст бўлгинчиларга бериб келинмоқда.

Кремлпараст Lifenews вебсаҳифасидаги хабарда айтилишича, гўё украиналик ашаддий ўнг-қанот кучларнинг ўзлари фуқароларга қарата ўт очишдан воз кечганлари учун аскарларга ҳужум қилишган.

Украиналик сайловчилар келаётган якшанба куни мамлакат янги Президентини сайлаш учун овоз берадилар.

Лекин Донецк ва Луганск минтақаларида овоз бериш жараёни мушкул кечиши айтилган.

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ