Ҳиротдаги Ҳиндистон консуллигига қуролли ҳужум

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳирот Афғонистондаги энг хавфсиз шаҳарлардан бири ҳисобланарди

Афғонистон ғарбидаги Ҳирот шаҳрида Ҳиндистон консуллигига камида уч нафар қуролли томонидан ҳужум уюштирилган.

Улар атрофдаги бинолардан биридан туриб консулликни гранатамёт ва автоматлардан нишонга олганлар.

Қуроллилардан икки нафари Афғонистон хавфсизлик кучлари билан узоқ давом этган отишма пайтида ҳалок этилган.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги консулликнинг бирор ходимига зиён етмаганини билдирган.

Кобулдаги Би-би-си мухбирига кўра, ҳозирда кўпчиликни бир савол қийнамоқда: қандай қилиб жангарилар ўз қуроллари билан Ҳиротнинг энг кучли қўриқланувчи ҳудудига киришга муваффақ бўлишди?

Ҳужум ким томонидан содир этилгани маълум эмас.

Бироқ ўтмишда Ҳиндистон ваколатхоналари Покистондаги Толибон ҳаракатининг Ҳаққоний тармоғи томонидан ҳадафга олинган.

Хабарларга кўра, ҳужумчилар эрта тонгдан Ҳиндистон консуллиги атрофидаги бинолардан бирига киришган ва у ердан туриб ваколатхона биносини ўққа тутишган.

Баъзи хабарларда жангариларнинг камида тўрт нафар бўлгани айтилади.

Хавфсизлик кучлари бинони зудлик билан ўраб олганлар.

Отишма бир неча соат давом этган.

Эрон чегарасига яқин жойлашган Ҳирот шаҳри Афғонистондаги энг тинч ва хавфсиз шаҳарлардан бири ҳисобланади.

2013 йил сентябрида Толибон ўхшаш ҳужумни Ҳиротдаги АҚШ консуллига уюштирганди.

Мазкур ҳужум натижасида тўрт афғонистон фуқароси ҳалок бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ