Шинжонда зўравонликлар нега кучаймоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Урумчида полиция назорати доимо кучли

Хитойнинг Шинжон минтақаси бўйича эксперт, доктор Майкл Кларк, минтақадаги зўравонликлар ортида турганлар тактикасининг ўзгараётгани ва уларнинг омилларини таҳлил қилади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби, Ҳонг Лейга кўра, 22 май кунги Шинжондаги очиқ бозорга ҳужум уйғур "террорчиларнинг такаббурликдан шишиб кетганини кўрсатади".

Асосан ханлар яшовчи Шайибаке туманида содир этилган ҳужумда 31 инсон ҳалок бўлди ва 94 киши яраланди.

Мазкур ҳодиса Шинжон ва уйғурларга алоқадор жорий йилда содир этилган силсила ҳужумларнинг сўнгисидир.

1 март куни Кунминг поезд станциясида одамларга пичоқлар билан ҳужум қилишган, 30 апрел куни эса Урумчи марказий поезд станциясида бомба портлаганди.

Охирги ҳужумлар хусусияти Хитой ҳокимиятига қарши уйғур халқининг мухолифати кучайиб ва ҳаттоки, радикаллашиб бораётганига ишора қилади.

Шинжонда авваллари кузатилган зўравонликларда давлат вакиллари (яъни полиция, жамоат тартибини сақловчилар ёки ҳукумат мулозимлари) нишонга олинган бўлса, ҳозирги зўравонликларда жамоат жойларини ҳадафга олиш билан оммага кучли таъсир кўрсатиш мақсади кўзланаётгани аниқ.

Ушбу тактик ўзгаришлар икки узвий фаразга етаклайди: бу нафақат Хитой давлати ва уйғур жангарилари ўртасидаги можарони, балки уйғур ва хан аҳолиси ўртасидаги қутблашувни янада кучайтириш мақсадини кўзлаган ҳамоҳанглаштирилган сайъ-ҳаракатлар бўлиши мумкин; уйғур жангарилари "ал-Қоида" сингари тобора кўпроқ жоний талафот етказишни кўзлаган ҳужум услубига ўтаётган бўлишлари мумкин.

Бироқ, шу нуқтада савол туғилади: нимага айнан ҳозир?

Ўз-ўзидан икки эҳтимол келиб чиқади. Биринчиси Пекин хуш кўрадиган таъбир Шинжондаги "ташқи душман таъсири"га боғлиқ. "Ташқи душман"ни Пекин Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати (ШТИҲ) ва Туркистон Исломий Партияси (ТИП) тимсолида кўради. Хитой расмийлари сўнгги ҳужумлар учун айнан шу гуруҳларни айблаган.

ШТИҲ, хабардор кузатувчиларга кўра, 1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошида қисқа муддат фаолият кўрсатди ва 2003 йилда Покистон армиясининг Вазиристонда ўтказган амалиёти пайтида раҳбари, Ҳасан Махсум ўлими ортидан ниҳоятда кучсизланди.

Унинг вориси сифатида 2005 йилда ТИП юзага келди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) ва Покистондаги Толибон билан иттифоқчи бўлган ушбу фирқанинг Шимолий Вазиристоннинг Мир Али минтақасида 200-400 нафар жангчиси борлиги ишонилади.

ШТИҲдан фарқли ТИП кўрпоқ эътибор қозонди. ТИП раҳбарияти Шинжондаги ҳодисаларга мунтазам муносабат билдириб келади. Мисол учун, ушбу фирқа раҳбарияти Кунминг ва Урумчи поезд станцияларидаги ҳужумларни қўллаб-қувватловчи баёнотлар тарқатди. ТИП интернет орқали Хитой ҳокимиятига қарши "жиҳод"га чақириб келади. Бироқ ТИПнинг амалиёт ўтказиш салоҳияти унчалик кўзга ташланмайди. Гуруҳ Шинжон минтақасидан узоқда жойлашгани, жангчилари сони ва моддий имкониятлари озлиги унинг Шинжонга таъсири чекланган хусусиятга эга эканига ишора қилади.

Иккинчи эҳтимол Хитойнинг Шинжондаги фаолияти ва зўравонликни кучайтириш тенденцияси ўртасидаги алоқага таалуқлидир.

Хитой Халқ Республикаси Шинжонни 1949 йилда ўз таркибига қўшиб олганидан буён Пекин мақсади ушбу минтақа ва унинг хан бўлмаган аҳолисини сиёсий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан "бўлинмас ва кўп миллатли" Хитой давлатига интеграция қилиш бўлди. Пекин бунга уч стратегия воситасида эришишни кўзлади: қатағонлар, чекловлар ва сармоялар.

Айниқса 1990 йиллар бошидан Пекин йирик давлат лойиҳаларини ишлаб чиқа бошлади ва минтақани иқтисодиётини мамлакатнинг бошқа минтақалари ва қўшни Марказий Осиё билан боғлаш учун қурилиш ва инрфатузилмага миллионлаб доллар ётқизди.

Пекин минтақани иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш билан уйғур халқи норозилигини бостиришга умид қилганди.

Бироқ бу сайъ-ҳаракатлар акс натижа берди: Шинжонга ханларни кўчиб ўтишга ташвиқ этиш сиёсати уйғурлар норозилигини, миллатлараро адоват ҳамда шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги иқтисодий нотенгликни янада кучайтирди.

Шу контекстда аҳолининг радикаллашувига таажублантирувчи ҳол сифатида қарамаслик керак.