Урумчи ҳужумида гумонланган киши Шинжонда қўлга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жума куни Урумчида махсус хизматларнинг ҳозирлиги кучайтирилган.

Хитой ҳукуматига кўра, пайшанба куни Шинжоннинг Урумчи бозорида 39 кишининг умрига зомин бўлган ҳужумни содир этишда гумондор қўлга олинган.

Ҳужумда 90 киши тан жароҳати олган эди.

Полициянинг айтишича, ҳужумда иштирок этган тўрт киши тўқнашув пайти ўлдирилган, бир киши қочишга муваффақ бўлган. Олдинги хабарларда барча ҳужумчилар ўлдирилгани айтилган эди.

Хитой расмийлари мусулмон уйғурлар яшайдиган Шинжонда бир йил жангариларга қарши ҳарбий кампания бошланганини эълон қилганлар.

Пайшанба кунги ҳодисада Урумчи бозорига кириб борган икки машина одамлар орасига портловчи модда улоқтирган. Бир машинанинг ўзи портлаб кетган.

Синхуа агентлиги полицияга иқтибосан хабар беришича, гумондорлар "ноқонуний диний фаолият" юритганлар, террористик мазмундаги видео ва аудиоларни эшитганлар.

Хитой ҳужумни "ваҳшиёна террорчилик амали" деб атаган, Қўшма Штатлар эса уни "бегуноҳ фуқароларга қарши шафқатсиз зўравонлик амали" дея баҳолаган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун "оддий инсонларни ўлдиришни оқлаб бўлмайди", деб айтган.

Хитой давлатига қарашли Global Times газетаси хабарига кўра, "террорчилик ҳужумида иштирок этган беш нафар шахс ўзларини портлатиб юборишган".

Полиция ҳозир уларнинг шерикларини изламоқда, дея илова қилган рўзнома.

Урумчидаги Би-би-си мухбирининг айтишича, ҳужум юз берган жойга кўп сондаги хавфсизлик кучлари жойлаштирилган.

Унинг илова қилишича, баъзи дўконлар очилган, бироқ кўпчилик мазкур ҳужумдан ҳануз ўзига кела олгани йўқ.

"Хитойнинг репрессив сиёсати"

Яқин-яқинларгача аксар аҳолиси уйғурлар бўлиб келган Шинжон Мухторияти охирги йиллар мобайнида қатор ҳужумларга саҳна бўлди.

Пекин ҳужумларда асосан уйғурлар бўлгинчиларини айблаб келади.

Уйғурлар эса Хитой ҳукумати уларга сиёсий босим ўтказиш билан динлари ва қадриятларини йўқотиш, Шинжонни тўлиқ хитойлаштириш томон бораётганини айтадилар ва ҳужумларга алоқаларини инкор этадилар.

Бундан олдин содир этилган Тянанмен майдонидаги портлашда беш киши ўлган эди. Ўтган ой Урумчи шаҳридаги темир йўл вокзалида юз берган бомба ҳужумида уч киши ҳалок бўлган ва ўнлаб инсонлар жароҳат олган.

Уйғурлар ва хан хитойлар ўртасида этник танглик кучли бўлган Шинжон расмийларнинг қаттиқ назорати остидадир.

Уйғур фаоллари Шинжондаги зўравонликларга сабаб минтақада Хитойнинг репрессив сиёсати эканини айтадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ