Навоз Шариф Ҳиндистон Бош вазирининг инагурациясида қатнашади

  • 24 Май 2014

Покистон Бош вазири Навоз Шариф душанба куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг қасамёд маросимида қатнашиши кутилмоқда.

Бу икки мамлакат ўртасидаги тарихий воқеа ҳисобланади.

Икки мамлакат қарийб 70 йил олдин мустақил бўлганларидан бери бир бош вазир иккинчи давлатнинг бу каби таклифини қабул қилмаган.

Атом қуролига эга икки рақиб охирги 60 йилда уч урушни бошдан кечирди.

Жаноб Моди миллий хавфсизлик масалалари бўйича қаттиқ йўл тарафдори сифатида қаралмоқда.

Унинг БДП партияси ҳам Покистонга алоқадор мавқеда қаттиқ йўл тутишга чақириб келади.

Бироқ мухбирларнинг айтишича, унинг йирик ғалабаси Покистонга нисбатан сиёсатида олдинги ҳукуматдан кўра кўпроқ ваколат беради.

Икки томонлама муносабатлар 2008 йил Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида покистонлик жангарилар томонидан амалга оширилган ҳужумдан кейин кескин ёмонлашди.

Ҳужум 160 инсоннинг умрига зомин бўлган эди.

Собиқ Бош вазир Манмохан Сингх дарида муносабатлар бироз яхши томонга ўзгарди, бироқ Кашмирдаги баҳсли чегара ҳудуди билан боғлиқ тўқнашувлар ҳануз тез-тез юз бериб туради.

Жаноб Сингх ўтган йили Навоз Шариф инагурациясига таклиф қилинган, бироқ у қатнашмаган эди.

Моди ва Шариф иккаласи ҳам консерватор сиёсатчилар ҳисобланишади ва бизнесни дастаклашларини айтишади.

Бундан ташқари кўп покистонликлар ҳинд миллатчиси бўлган Модига ишончсизлик билан қараб келадилар.

2002 йилда Гужарат штатининг бош вазири сифатида жаноб Моди аксарияти мусулмонлардан иборат мингдан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлган зўравонликларни тўхтатиб қолмаганликда айбланади.

Бироқ жаноб Моди бу айбловларни доим рад этиб келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.