Петро Порошенко сайловда ғалаба қозонганини даъво қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 48 ёшли бизнесмен Оврўпо Иттифоқи билан яқинроқ алоқаларни йўлга қўйиб, мамлакат шарқида тинчликни тиклашга ваъда берган

Украинанинг қандолат корчолони Петро Порошенко мамлакат президентлик сайловида ғалаба қозонганини айтмоқда.

Порошенко жаноблари “шоколад қироли” номи билан ҳам танилган ва exit polls (дастлабки сўров натижалари)га кўра овозларнинг 55 фоизини олгани айтилмоқда.

48 ёшли бизнесмен Оврўпо Иттифоқи билан яқинроқ алоқаларни йўлга қўйиб, мамлакат шарқида тинчликни тиклашга ваъда берган.

Россияпараст бўлгинчилар эса, мамлакат шарқидаги сайлов жараёнига жиддий таҳдид солишган, сўнгги кунлар зўравонликлар оқибатида йигирмага яқин инсон қурбон бўлган.

Донецкда сайлов участкалари очилмаган.

Минтақа бўйлаб 12 сайлов минтақасидан фақат 7 тасида овоз бериш жараёни кузатилган.

Киевда ўз тарафдорлари билан учрашувда Порошенко жаноблари шу йил охирларига мўлжалланган парламент сайловларини дастаклашини айтган.

Порошенко, шунингдек, Қримнинг “босиб олинишини” ҳеч қачон тан олмаслигини айтган.

Россия билан муносабатлар ҳақида сўралганида эса, Порошенко жаноблари Украинанинг “суверенлиги ва ҳудудий яхлитлиги” ўзи учун устивор масала эканини урғулаган.

Петро Порошенко Roshen қандолатчилик ширкати, бир неча заводлар ва телевизион станциясининг эгаси бўлган миллиардердир.

Америка Президенти Барак Обама сайловни “Украин ҳукумати томонидан мамлакат бирлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам” эканини айтган.

Жума куни Россия Президенти Владимир Путин Украинадаги президентлик сайлов натижаларини ҳурмат қилишини билдирди.

Киев ва Ғарб Москвани Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш уринишларида айблаб келмоқдалар.

Ҳозирда хавотирларга сабаб бўлаётган нарса шуки, Москва сайловларни издан чиқаришга ҳаракат қилиб, Киевнинг мавқеини заифлаштириб, шу орқали ўз қўшниси устидан таъсирини кучайтиришга уриниши мумкин.

АҚШ Президенти Обама эса, сайловлар даврида вазиятни беқарорлаштириш уринишлари давом этса, Россияга нисбатан янада қатъийроқ жазо чоралари киритиш ҳақида огоҳлантирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.