Украина: президент сайловида овоз берилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бир неча ойлик аксилҳукумат намойишлари собиқ президент Виктор Януковични ҳокимиятдан ағдарган Украинада президентлик сайловида овоз бериш бошланган.

Мамлакатнинг Донецк ва Луганск вилоятларини россияпараст қуроллилар назорат қилмоқда, улар бу минтақаларнинг расмий Киевга бўйсунмаслигини эълон қилганлар.

Донецк вилоятида атиги еттита, Луганскда иккита сайлов участкаси очилган.

Украинадан ажралишни истайдиган қуроллилар президентлик сайловига тайёргарликка халақит қилганлар, 25 май куни очилган айрим участкаларни ёпишга мажбур қилганлар.

Қрим ярим оролида март ойида референдум ўтказилган, Россия Қримни аннексия қилган.

Ўзларининг Украин фуқаролигини сақлаб қолган инсонлар Украина ҳудудига ўтиб овоз беришлари мумкинлиги хабар қилинган.

Президентлик сайлови Украина армияси ва бўлгинчи қуроллилар ўртасида 20 инсон ўлимига сабабчи бўлган тўқнашувлар ортидан бўлиб ўтмоқда.

Украина президентлик сайловига 18 номзод рўйхатга олинган.

Мамлакатда "Шоколад қироли" деб танилган таниқли бизнесмен Петро Порошенконинг қўли баланд келади деб кўрилмоқда.

Овоз бериш маҳаллий вақт билан кечки соат 8 гача давом этади, илк натижаларнинг 26 май куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ