Украина кучлари Донецк аэропортини ҳаводан ҳужумга тутди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина кучлари Донецк аэропортини россияпараст бўлгинчилардан қайтариб олиш учун ҳаво ҳужумларини бошлаган.

Ҳудудда қаттиқ отишмалар юз берган ва осмонга тутун ўрлаётганини кўриш мумкин.

Қурбонлар ҳақида тасдиқланган хабарлар йўқ, аммо аввалроқ камида бир кишининг ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Душанба куни эрталаб қуролли бўлгинчиларнинг ҳужуми ортидан аэропорт парвозларни амалга оширишни тўхтатган.

Аэропорт матбуот хизматидан Би-би-сига маълум қилишларича, тонгги соат 3 лар атрофида аэропортга ДХР (Донецк Халқ Республикаси-таҳр.)нинг бир неча ўн қуролли вакиллари келишган ва аэропортни қўриқлаётган украин ҳарбийларини чақиришни талаб қилишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россияпараст қуроллилар душанба куни эрталаб аэропорт терминалини эгаллаб олган

Шундан сўнг бўлгинчилар аэропорт терминалини эгаллаб олганлар.

Йўловчилар ва ходимларнинг аэропортдан эвакуация қилингани айтилади.

Ҳаво ҳужуми

Украинанинг ҳарбий вертолётлари аэропорт биносини ракеталардан ҳужумга тутган.

Аэропорт матбуот котиби Би-би-си Украин хизмати билан суҳбатда ҳудудда "тўлақонли аксилтеррор амалиёти бошлангани"ни айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Порошенко Украина шарқидаги амалиётларни қўллаб-қувватлаган

Украин ҳукумат кучларининг ахборот гуруҳи раҳбари Владислав Селезневнинг Facebook даги саҳифасида ёзишича, бўлгинчиларга қуролларни ташлаш ва таслим бўлиш ҳақида ултиматум қўйилган.

"Террорчилар украин куч тизимларининг талабини бажаришмади,террорчиларнинг мавқеълари ҳаводан ҳужумга тутилди. Аввалига СУ-25 учоғи террорчиларни талабни бажаришга мажбур қилиш мақсадида уларга огоҳлантирувчи ўт очди. Жангарилар сафларида саросима бошланди. Шундан сўнг МиГ-29 учоғи террорчилар тўпланган нуқталарни ҳаводан ҳужумга тутди", - деб ёзган Владислав Селезнев.

Унинг хабар беришича, вертолётдан ўт очиш натижасида бўлгинчиларнинг зенит қурилмаси йўқ қилинган

Донецк аэропортига ҳужум президентлик сайловларида миллиардер Петро Порошенко ғалаба қозониши маълум бўлганидан сўнг бошланган.

Душанба куни эрталаб жаноб Порошенко Украина шарқидаги махсус амалиётларнинг давом эттирилишини қўллаб-қувватлашини айтган.

Айни пайтда у амалиёт "янада самарали ва қисқа муддатларда ўтказилиши керак"лигини таъкидлаган.

Image caption Украин ҳарбийлари бўлгинчиларга таслим бўлиш ҳақида ултиматум қўйган

Порошенко мамлакатда тинчлик ва бирдамликни тиклашга ваъда берган.

Шу мақсадда у келаётган ҳафталарда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашишга умид қилаётганини билдирган.

Ўз навбатида жаноб Лавров Порошенко билан учрашишга тайёрлигини айтган, аммо уни бўлгинчиларга қарши куч ишлатмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.