Сиси Миср президенти бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мисрда уч кун давом этган президентлик сайловлари натижаларига кўра, собиқ мудофаа вазири Абдул Фаттоҳ ас- Сиси 96 фоиз овоз тўплагани айтилмоқда.

Миср оммавий ахборот воситалари Ас-Сисининг "улкан ғалабаси" ҳақида хабар тарқатганлар.

Сайловда Абдул Фаттоҳ ас- Сиси ғолибликка аниқ даъвогар сифатида кўрилган, шу боисдан унинг ғалабаси кутилмаган бўлмаган.

Сиси тарафдорлари Мисрда ғалаба тантаналарини бошлаб юборганлар.

Шу билан бирга, мамлакатда сайловни бойқот қилганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Расман тақиқланган Мусулмон Биродарлар эса сайловни сиёсий театр деб атаган.

Сайловда қўшимча муддат берилгани ва дам олиш куни бўлганига қарамасдан сайловчилар иштироки 45 фоиздан паст бўлгани кузатилган.

Сайлов дастлаб икки кун қилиб белгиланган, сайловчилар камлиги боис яна бир кун қўшишга тўғри келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи n

Мисрда жами 54 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга.

Президентлик лавозимига генерал Сисидан ташқари сўл қанотдан Ҳамдин Сабоҳийнинг номзоди қўйилган эди.

Ҳамдин Сабоҳий 3 фоиз овоз олган, 3,7 фоиз бюллетинлар ҳақиқий эмас деб топилган.

Бироқ кузатувчилар ҳар қандай шароитда ҳам Сиси жаноблари ғолиб чиқишига шубҳа қилмаганлар.

Айнан генерал Сиси демократик йўлда сайланган президент Мурсийнинг ағдарилишида асосий рол ўйнади. Мурсий ағдарилгач, у дохил "Мусулмон биродарлар"нинг минглаб тарафдорлари қамоққа ташланди.

Миср тарихида энг қисқа ва энг оммавий маҳкамаларда Мурсий тарафдорларига қотиллик ва терроризм айблари қўйилиб, судланувчиларнинг аксариятига ўлим ва узоқ йиллик қамоқ жазолари тайинланди.

"Мусулмон Биродарлар" раҳбари Муҳаммад Баъдийга ҳам ўлим ҳукми берилди.

Ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий устидан маҳкама жараёни тугагани йўқ. Унга қўйилаётган давлатга хиёнат ва қотиллик айбловлари маҳкама томонидан тўғри деб топилса, унга ҳам ўлим жазоси таҳдид қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Генерал Сиси жаноблари ўзининг сайловолди чиқишида агар ғалабага эришса, "Мусулмон Биродарлар"ни бутунлай тугатишга ваъда берганди.

Миср халқи сайловлардан кейин мамлакатда сиёсий ва барқарорлик қарор топишига умид қилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ