Украина:Шарқий минтақада барқарорлик ўрнатилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи sergey espinov
Image caption Вертолёт мамлакат шарқида жойлашган Славянск шаҳри яқинида уриб туширилган

Украина қўшинлари мамлакат шарқида тинчлик ва барқарорлик ўрнатилгани қадар исёнкорларга қарши курашни тўхтатмайди.

Бу ҳақда Украинанинг ўтиш даври Ички ишлар вазири айтган.

Славянск атрофида жанглар тобора шиддатли тус олмоқда.

Кеча исёнкорлар Украина ҳарбий вертолёти уриб тушириши оқибатида 12 киши қурбон бўлган эди.

Душанба куни Донецк ҳаво қўналғасида кечган жангда 100га яқин бўлгинчи ўлдирилган.

Украинада янги президент этиб сайланган Петро Порошенко "бандитлар"ни жазолашга сўз берган. Порошеко бу ҳақда россияпараст исёнкорлар ҳарбий вертолётни уриб тушириши ва 12 инсон нобуд бўлиши ортидан гапирган.

УНИАН ахборот агентлиги қудратга келаётган янги президентнинг: "Украина халқининг душманлари тарафидан қилинган ушбу жиноий ҳатти-ҳаракатлар жазосиз қолмайди", деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Вертолёт мамлакат шарқида жойлашган Славянск шаҳри яқинида нишонга олинган. Ҳаётдан кўз юмганлар орасида армия генерали ҳам бўлгани айтилади.

Славянск исёнкорлар ва Украина армияси ўртасидаги қақшатқич жанглар саҳна бўлиб келади.

Россия тарафи Украинани москвапараст исёнкорларга қарши ҳарбий амалиётларни тўхтатиш ва "ҳақиқий мулоқотни бошлаш" чақириғини такрорлаган.

Ҳодисаларнинг бошқа бир ривожида Украина, Россия ва Оврўпо Иттифоқи Берлинда Москва ва Киев ўртасидаги газ можаросини бартараф этишга қаратилган янги музокаралар даврасини бошлаши кутилади.

Россиянинг Газпром ширкати агар Украина газ бўйича қарзларини тўламаса, таъминотни узиб қўйиш билан таҳдид қилган.

'Жиноятчилар йўқ қилинди'

Якшанба кунги президентлик сайловларида ғалаба қозонган жаноб Порошенко тикучарнинг уриб туширилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар оилаларига таъзия изҳор қилган.

"Биз украинлар бундан кейин террорчилар ва жиноятчилар қўлида нобуд бўлмаслигини таъминлаш учун барча чорани кўришимиз керак", деб айтган у.

Ми-8 русумли ҳарбий вертолёт Славянск ва Донецк вилояти Краматорск шаҳри ўртасида кечган қақшатқич жанглар пайти отиб туширилган. Тикучар қўшинларни ҳарбий базага ташлаб қайтаётган пайти нишонга олинган.

Вертолётдаги 12 инсон ҳалок бўлган, улар орасида Украина Миллий Қўриқчиларини жанговор ва махсус тайёрловдан ўтказиш бўйича раҳбари - генерал - майор Сергей Кульчицкий ҳам бўлган.

Қўшимча қилинишича, вертолётга ҳужум қилган "жиноятчилар" кейинроқ Украина қўшинлари олиб бораётган "аксил-террор" амалиётлари пайти "йўқ қилинган".

Ой бошларида яна икки тикучар бўлгинчилар томонидан уриб туширилганди.