Каъбада олинган фотосурат кўпчиликни ғазаблантирмоқда

Ислом оламида муқаддас ҳисобланган Каъбага оёғини қўйиб дам олиб турган Саудия Арабистони полицияси ходимининг фотосурати Араб дунёсида кўпчиликни ғазаблантирмоқда.

Айни пайтда полициячига хайрихоҳларнинг ҳам тўлқинини юзага келтирган.

Бу фотосурат Twitter орқали кенг тарқатилмоқда.

Бу суратда Макка шаҳридаги Ислом оламидаги энг муқаддас бино - Каъба деворига бир оёғини қўйиб суяниб турган полициячи акс этган.

Бу фоторасмни ким тасвирга туширгани маълум эмас.

"Бу Ер юзидаги энг муқаддас жой, бу одамни бу жойни қандай оёқости қилаётганини қаранг", деб ёзган бир Twitter фойдаланувчиси.

"Одамлар бир умр Каъбага бир марта қўлини тегизишни орзу қилади, бироқ бу одам эса Каъбага нисбатан шунчалар ҳурматсизлик қилган", деб ёзади бошқа бир фойдаланувчи.

Ҳаж ва Умра зиёратига борган мусулмонлар Каъбани тавоф қиладилар.

Twitterдаги #عسكري_يضع_قدمه_على_الكعبة

хаштаги #АскароёғиниКаъбагақўйди, деб таржима қилинади, бу хаштаг 17000 мартадан ортиқ фойдаланилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Фотосурат кўп сондаги янгилик веб-сайтларида эълон қилинган.

Бу расмнинг веб-сайтларда эълон қилинишига қарши бўлган муштарийлар эса шикоят қилганлар.

Хабарларга кўра, Макканинг ҳокими Шаҳзода Мишал ибн Абдуллоҳ ибн Абдулазиз ушбу ҳодиса юзасидан текшириш бошлашга буйруқ берган, интизомий чора кўришга чақирган.

Араб дунёсида табаррук деб кўрилган нарсага пойафзални тегизиш ҳаддан зиёд таҳқирлов саналади.

Айрим хабарларда айтилишича, Макка расмийлари полициячининг оёғидаги пойафзал эмас, балки муқаддас масжид ходимлари Каъбатуллоҳ атрофида мунтазам равишда фойдаланадиган калишга ўхшаган оёққа кийиладиган пойафзал, деб айтишган.

Twitterда фотосуратдаги полициячини ҳимоя қилган ёзувлар ҳам пайдо бўлган.

Кўпчилик бу одам ҳаддан зиёд чарчаган бўлса, нафасини ростлаш учун тўхтагандир, деган маънода ёзганлар.

Айримлар эса фотосуратнинг ҳақиқийлигини ҳам шубҳа остига олган: "Ҳаж маросими пайтида ким расмга олади?", дея савол берганлар бўлган.

Шаҳзода Мишал муқаддас масжид ичкарисида ходимлар ўзларини қандай тутишлари лозимлиги борасида ўқув машғулотлари ўтказишга буйруқ бергани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ