Яна янги айблов: Қатар-2022 сотиб олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2022 йилда Футбол бўйича Жаҳон Чемпионати кубоги ўйинларининг пойтахти этиб Қатар танлангани борасида ФИФА яна янги айбловлар билан рўпара келди.

Британияда нашр қилинадиган Sunday Times рўзномаси миллионлаб махфий ҳужжатларни қўлга киритган.

Бу ҳужжатлар орасида электрон почта мактублари, хатлар ва банк пул ўтказмалари бор, Sunday Times рўзномасига кўра, бу ҳужжатларнинг бари лавозимидан четлатилган қатарлик футбол расмийси Муҳаммад ибн Ҳаммам ўз мамлакатини қўллаб-қувватлашлари учун жами 5 миллион доллар атрофида пулни ФИФА вакилларига тўлаганини исботлайди.

Қатардаги ташкилий қўмита ва ФИФА вице-президенти лавозимини эгаллаган ибн Ҳаммам 2010 йил декабридаги овоз беришда Қатар ютиб чиқишига ноқонуний ҳаракат қилганлари борасидаги айбловларни доим рад этганлар.

Янги ҳужжатларни қўлга киритганидан кейин Sunday Times изоҳ сўраб ибн Ҳаммамнинг ўғли Ҳамад Абдуллога мурожаат қилган, бироқ у отасининг номидан шарҳлашдан бош тортган.

Ёзишмаларда номлари тилга олинган футбол расмийларининг аксари овоз беришда тўғридан-тўғри иштирок этмаганлар.

Лекин Sunday Times рўзномаси ёзишича, ибн Ҳаммамнинг стратегияси имкони борича кўпчиликнинг Қатар аризасини дастаклашларига эришиш бўлган, бу охир-оқибат овоз бериш ҳуқуқига эга ФИФА ижроия қўмитасидаги тўрт нафар Африка вакилининг қарорига таъсир кўрсатади, деб ҳисобланган.

Sunday Timesга кўра, ибн Ҳаммам ФИФА ижроия қўмитасининг бошқа бир собиқ аъзоси - Океания Футбол федерацияси президенти Рейналд Темарининг 305 минг Евро атрофидаги маҳкамавий харажатларини қоплаган.

2010 йил декабрида Темари овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган, чунки бу пайтда у ФИФА қарори билан ижроқўмдан четлатилган бўлган.

Рўзнома ёзишича, ибн Ҳаммамнинг молиявий ёрдами билан Темари ФИФА қарори устидан маҳкамага мурожаат қилган, бу эса Темарининг ижроия қўмитаси аъзолигидан четлатилишини ортга сурган. Натижада унинг ўринбосари Дэвид Чунгнинг Темари ўрнига 2022 йилги сайловда овоз бера олмаган.

Sunday Times ёзишича, агар Дэвид Чунгга овоз бериш имконияти берилганида эди, у Австралия учун овоз берган бўларди.

Охир-оқибатда Океаниядан ҳеч ким овоз бера олмаган, бу эса овоз бериш натижаларини Қатар фойдасига ҳал қилган.

Британия рўзномаси ибн Ҳаммамнинг иттифоқчиси деб кўрилган тринидадлик Жек Уорнерга алоқадор янги айбловларни илгари сурган.

Уорнер 2012 йилдаги ФИФА президентлигига сайлов пайти Кариб ҳавзасидаги мамлакатларни пора эвазига ибн Ҳаммамни дастаклашларига ёрдам берган, деган айблов туфайли ФИФАдаги лавозимларидан четлатилган эди.

Бироқ энди Sunday Times ёзишича, ибн Ҳаммам Жек Уорнерга 1,6 миллион доллар берган, шундан 450 минг доллари сайловгача бўлган даврга оид.

Янги айбловлар боис 2022 йилдаги Жаҳон чемпионлиги кубоги ўйинлари ўтадиган мамлакат учун қайта сайлов ўтказилиши лозим деб ҳисоблайдиганлар ФИФАга босимни янада оширадилар, деб кўрилмоқда.

2010 йилдаги сайловда 2018 йилда жаҳон чемпионати ўтадиган мамлакат сифатида Россия танланган.

2018- ва 2022-йилдаги чемпионатлар пойтахтлари сайловлари адолатсиз ўтган, деган айбловлар ортидан ФИФАда ички текширув узоқ вақтдан буён олиб борилмоқда.

2 июн куни ФИФАнинг ахлоқ бўйича қўмитаси текширув бўлими раҳбари Майкл Гарсианинг Қатар ташкилий қўмитасининг юқори лавозимли аъзолари билан учрашуви режаланган.

Аммо Sunday Timesда эълон қилинган янги айбловлар сабабли бу учрашув қолдирилиши мумкин.

Муҳаммад ибн Ҳаммам порахўрлиги учун 2011 йил июлида лавозимидан четлатилган ва унинг на Қатардаги ва на халқаро даражадаги футболда иштирок этиши тақиқланган.

2012 йили Спорт бўйича Арбитраж маҳкамаси ушбу қарорни бекор қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ