Ўлим жазосига ҳукм қилинган суданлик аёл озод этилади

Ислом динидан воз кечгани ва насронийга турмушга чиққани учун ўлим жазосига ҳукм қилинган 27 ёшли Мериам Яҳъё Иброҳимни Судан расмийлари озод этишга қарор қилганлар.

15 май куни Судан шариат маҳкамаси Ислом динидан воз кечгани учун Мериам Иброҳимни осиб ўлдириш ва зино учун 100 дарра уриш жазосига маҳкум этган.

Маҳкама Мериам Иброҳимнинг насроний турмуш ўртоғи билан шаръий никоҳи бўлмаган, шунинг учун у зино содир этган, деган қарор чиқарган.

Ҳукм эълон қилинган пайтда Мериам Иброҳим ҳомиладорликнинг тўққизинчи ойида бўлган.

Шариат маҳкамаси ўлим жазосини чақалоқ туғилганидан икки ёшга тўлмагунича ижро этмасликка қарор қилган.

Судан маҳкамасининг ушбу қарори бутун дунёда одамларнинг ғазабларига сабаб бўлди.

Дунёнинг кўплаб ҳукуматлари ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Судан раҳбариятига мурожаат қилиб Мериам Иброҳимни озод қилишга ва аёлнинг диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирдилар.

28 май куни аёлнинг қамоқхонада кўзи ёриди.

Қиз чақалоқ Мериам Иброҳимнинг турмуш ўртоғи, АҚШ фуқароси Дэниел Ванидан иккинчи фарзанди.

Улар 2011 йилда турмуш қурганлар.

Хабарларга кўра, Мериам Яҳъё Иброҳим Ортодокс насроний онасининг қўлида катта бўлган.

Судан маҳкамасига кўра, унинг отаси мусулмон ва шунинг учун у муслима деб кўрилиши лозим.

Маҳкама пайти ҳакам Мериам Яҳъё Иброҳимдан насронийликдан воз кечишни талаб қилган, акс ҳолда ўлим жазосига ҳукм этилиши ҳақида огоҳлантирган.

Бироқ аёл насронийликдан воз кечмаслигини айтган.

Би-би-си билан суҳбатда Судан Ташқи ишлар вазирлигидан Абдуллаҳи Алзарег мамлакати инсонларнинг эътиқод эркинлигини ҳурмат қилишини айтган, Мериам Яҳъё Иброҳим яқин кунларда озодликка чиқарилишини ва Судан ҳукумати аёлни муҳофаза қилишини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ