Иккинчи тилни ўрганиш мия қаришини секинлаштиради

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK

Тадқиқотлар кўрсатишича, она тилидан ташқари иккинчи тилни ўрганиш мияга ижобий таъсир ўтказар экан. Бу ўзгариш ҳатто тилни катта ёшда ўрганганида ҳам сезиларли бўлади, дейди олимлар.

262 инсоннинг мия функцияларини дастлаб 11 ёшлигида, сўнгра 70 ёшга кирганида тадқиқ қилган Шотландиянинг Эдинбург университети олимлари шундай хулосага келганлар.

Тадқиқот натижалари Annals of Neurology журналида чоп этилган.

Мутахассислар икки тилни билувчи инсонларда ўқиш, нутқ ва ақлий имкониятлар тўлалигича яхшиланганини кузатганлар.

Экспертлар 262 шотландияликнинг ақлий ривожланиши ҳақидаги тест кўрсаткичларидан фойдаланганлар, сўнгра айнан шу инсонларнинг 70 ёшдаги мия функцияларини солиштирганлар. Энг аввало, эътибор ушбу йиллар давомида тадқиқ қилинганларнинг ақлий имкониятлари қанчалик ўзгарганига эътибор қаратилган.

Бу тадқиқотнинг ҳар бир иштирокчиси камида бир хорижий тилда гапира олган. 262 дан 195 таси иккинчи тилни 18 ёшгача ўрганган, қолганлари эса - 18 ёшдан кейин.

Тадқиқот натижаларига кўра, икки ва ундан ортиқ тилда мулоқот қила оладиган кишилар кўпроқ ақлий имкониятларга эга бўлган. Айниқса бу ўқиш ва умумий қабул қилиш малакаларида кўринган.

Шу билан бирга бу кўрсаткич хорижий тилни 18 ёшгача ва ундан кейин ўрганларга бирдек таалуқли.

Шу мавзудаги олдинги тадқиқотлар ҳам иккитиллилик деменциа- кексалик ақлий ноқислик касаллигини бир неча йилга орқага суришини кўрсатган.

Олдинги тадқиқотни ўтказган олимлар қўйган муҳим савол шундан иборатки, иккинчи тилни ўрганиш когнитив функцияни яхшилайдими ёки кўпроқ ақлий имкониятларга эга одамлар иккитилли бўлишга кўпроқ мойилми?

Эдинбург Университети профессори Томас Бак бу саволга жавоб топганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, олимлар тадқиқотда иштирок этганлар фикрлаш тизимида жуда намунали ўзгаришни кашф қилганлар: уларда диққат, эътибор ва нутқнинг равонлиги яхшиланган. Ва бу умумий ақлий ривожланишга боғлиқ бўлмасдан, айнан иккинчи тилни ўрганиш натижасидир.

"Эришилган натижалар муҳим амалий қимматга эга,- деб айтади профессор Бак. - Бутун дунёда миллионлаб одамлар иккинчи тилни улғайгандан кейин ўргана бошлайдилар. Бизнинг тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, иккитиллилик қайси ёшда ўрганилишидан қатъий назар, миянинг қаришини секинлаштиради, унга фақат ижобий таъсир қилади".

Шундай бўлсада, профессор тадқиқот бир қанча бошқа саволларни кўтарганини тан олади. Мисол учун, иккинчи тилни ўрганиш инсон миясининг когнитив фаолиятига кексалигида ҳам худди шундай ижобий таъсир қила оладими ва иккинчи тилда равон гапирадиганларнинг бошқа тилда суст гапирувчиларга қараганда устунлик жиҳатлари бўладими?-деган саволлар очиқ қолган.

"Нима бўлганда ҳам бу тадқиқот иккитиллилик инсон миясининг когнитив имкониятлари камайишини бартараф этиш билан алоқаси бор-йўқлигини ўрганиш томон йўл очади", дейди Ҳарвард университетининг Тиббиёт мактаби профессори Алваро Паскуал Леоне.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.