Саудиядаги яширин “исён”

Саудиянинг нефтга бой Шарқий Вилоятида ўтган уч йил давомида Араб баҳоридан руҳланиб келган бир гуруҳ фуқаролар ҳукуматнинг “пўстагини қоқишмоқда”.

Саудиялик Сафа Алаҳмад бу минтақа ва гуруҳ ичига кирган илк журналист бўлди.

Саудия Арабистонида норозилик чиқишлари ҳақида ёзишмайди.

Мамлакатда ва айниқса Қатиф минтақасида журналистларнинг эркин фаолиятини тасаввур қилиш мушкул.

Аммо мен минтақани яхши биламан.

Мен бу ерда таваллуд топганман.

Мен Шарқий Вилоятга ўтган икки йил ичида бир неча бор сафар қилдим.

Бу сафарларимни Саудия мулозимларидан сир тутдим.

Мен нима учун бу мамлакатнинг шиа озчилигидан бўлган фаоллар Қирол оиласига қарши чиқиб ўз жонларини хатар остига қўйишларини тушунмоқчи бўлдим.

Нима учун бу норозилик чиқишларига йўл қўйиб берилди?

Мамлакатнинг шиа озчилиги асосан Шарқий Вилоятда яшайди.

Шиалар аҳолининг 15 фоизидан камроқ ва аксарият ўзларининг мазҳабий камситишларга дучор бўлганидан нолийди.

Саудияда намойишлар 2011 йил бошларидан ибтидо топади.

Аввалига норозилик намойишига чиққанлар бир неча йиллардан бери маҳкамасиз қамоқда қолаётган тўққиз кишининг озод этилишини талаб қилишди.

Улар минтақадаги Араб баҳоридан илҳомландилар.

Аммо бу анъанадор жамиятда норозиликка тоқат қилинмайди.

Ўтган уч йил давом этган норозилик намойишларида йигирмадан ортиқ ёш йигитлар ўлдирилди.

Юзлаб ёшлар яраланди ва қамоқларга ташланди.

Бу каби вазиятда хабарчилик энг мушкул бир касбга айланди.

Мен саудияликман, аммо камера билан юриш жуда мушкул ва доим қамоққа олиниш хавфи мавжуд эди.

Бу мамлакатда аёл бўлганингизнинг ўзи айрим ҳолларда бирор бир ишкал чиқиши учун етарли сабабдир.

Менга абаямни ( абая - ҳижобнинг бир тури) яхши ўрамаганим учун диний полициячи эркак бақириб берди.

Асосан Саудия ташқарисидан келиб ишлайдиган ҳайдовчилар ҳам менга шубҳа билан қарашарди.

Мен асосан фаоллар томонидан берилган видеоёзувлар билан чегараланишга мажбур эдим.

“Иғвогарона амаллар”

Норозилик фаоллари ўз амалларини яхши ҳужжатлаштиришган ва буларни дунёга ошкор этишни исташар эди.

Улар давлатга қарши “иғвогар” амалларга ҳам қўл уришганди.

Улардан бири Қирол расмини ёқиш эди.

Бу каби амал аксарият саудияликлар учун ақалли тасаввур қилиб бўлмайдиган бир ишдир.

Мен ўнлаб фаолларни махфий йиғинларда учрашдим.

Улар ягона бир талаб ва ёки ғояларни илгари суришмас, аммо ҳамма жиддий ислоҳотлар ўтказиш керак деган фикрда якдил эди.

Қатиф нефтга бой минтақа бўлса ҳам шиалар ўзларини иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан камситилган деб ишонишади.

Ўтган йил феврал ойида менга икки шиа фаолининг уйига хавфсизлик кучлари бостириб киришгани, аммо Фазил ал Сафваний ва Морсий ал Рибҳ амаллаб қочиб қолишгани ҳақида хабар беришди.

Авамияга кирганингизча бир неча текширув нуқталаридан ўтасиз.

Омадим чопиб мен у ерга камера билан кириб бордим.

Иккала фаол ҳам авваллари оммавий ахборот воситаларига гапиришга журъат қилишмаган, лекин бу гал ўз тақдирларини сўйлаб беришга бел боғлашганди.

"Улар бизга террорчилар каби муносабатда бўлишди. Бизни ўлдиришни истаётганлари аниқ эди”,- дейди Сафваний.

"Сиз ҳозир бутун дунёни “тўйдирадиган” нефт кони устида турибсиз...Аммо бизга урвоғи ҳам келмайди. Қашшоқлик, очлик, ҳақорат ва ҳақсизлик... сиёсий эркинлик йўқ. Нима қолди? Бу ҳам етмагандай бизга ҳужум қиладилар ва бизни ўлдиришни истайдилар...”

Бир йилдан ортиқки, Би-би-си Саудия ҳукуматига ҳозирги ҳолатни шарҳлаш учун суҳбатга чорлаб таклифномалар жўнатади. Жавоб йўқ.

Ўтган сафарларим давомида менга берилган видеотасмаларни кўздан кечирар эканман, улардан бирида бир эркак полицияга қарата тўппончадан ўқ узганини кўрдим.

Ҳукумат намойишчиларни қурол ишлатишда айблар ва улар доим бу даъволарни рад этиб келишарди.

Мен фаолларнинг биридан қурол ишлатилганми – йўқми деб сўрадим.

“Албатта, Саудия хавфсизлик кучлари истаган уйга ҳужум қилади, биз ўз-ўзини ҳимоя қилишнинг барча йўлларини оқлаймиз”, - дейди у.

Ўтган йили эса мен Морсий ал-Рибҳ ўлдирилганини эшитдим.

Унинг дўстларига кўра, ал-Рибҳ диний байрамга тайёргарлик чоғи кўчада полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Шу йил бошларида эса икки полиция ходими ўлдирилди.

Хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўзаро зўравонлик халқаси ичига тушиб қолгандай...

Қатиф ҳарбийлашган ҳудудга айланди.

Кўп ўтмай мен бу ерда ортиқ қололмаслигимни тушундим.

Саудияни тарк этдим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ