Толиблар Америка аскарининг озод этилишига оид видеоёзувни тарқатган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AL EMARA

Толиблар Америка аскарининг 5 нафар Толибон маҳбусига алмашишга оид видеоёзувни тарқатган.

Видеода аскар Боу Бергдалнинг тикучарда келган Америка кучларига топширилиши акс этган.

Би-би-си мухбирига кўра, бундан олдин исёнкорларнинг тўғридан-тўғри Америка ҳарбийлиги билан келишувга бориши кузатилмаган.

Вашингтонда эса, асир алмашув битими танқидлар остида қолган ва етакчи сиёсатчилар Толибон аъзоларининг озод этилиши америкаликлар ҳаётини хатар остига қўйиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.

Тарқатилган видеоёзувда аскар афғон миллий кийим-бошида кўринади. Унинг автомобилда кутиб ўтиргани, бир неча юзлари ўралган қуроллилар машина атрофида ва тепаликда туришади. Бири қўлида оқ байроқ кўтариб олган. Шунингдек, видеода кўринишича, Black Hawk русумли тикучар ерга қўнаркан, Толибон жангарилари аскар Боу Бергдални учрашув нуқтасига олиб боради ва Америка кучларига топширади. Кейин Бергдал тикучарга олиб борилади ва учиб кетади.

Би-би-сига айтилишича, аскарни топшириш Хост вилоятининг Али Шер туманидаги чекка Батаний водийсида Ҳаққоний тармоғи аъзолари тарафидан амалга оширилган. Мазкур ҳудуд Покистоннинг Вазиристон минтақасидан 40 километр узоқда жойлашган. "Ҳудуд айни гуруҳ ва унинг қўмондони Мулла Тажмир тарафидан назорат қилинади. У Толибон тузумида жосуслик хизматининг юқори мартабали расмийси бўлган ва Сирожиддин Ҳаққоний ва Толибон раҳбари Мулла Умар билан яқин алоқалари бор", дейди Би-би-си мухбири Билол Сарварий.

Қўшма Штатлар узоқ вақтдан бери Ҳаққоний гуруҳини катта таҳдид сифатида таърифлаб келади. Мазкур тармоқнинг Ал-Қоида билан ҳам алоқаси мавжуд ва Афғонистондаги хорижий қўшинларга қарши қатор йирик ҳужумларга масъул. Покистонда жойлашган ушбу жангари тармоқ 2012 йил Америка тарафидан террорчи гуруҳ аталган.

Боу Бергдал озод қилинганидан бери Американинг ўзида баҳсу мунозараларга сабаб бўлган ва республикачилар бу амал америкаликлар ҳаётини хатар остига қўйиши мумкин, деб огоҳлантиришган. Уларга кўра, террорчилар билан келишувга бориш ва аскарнинг эвазига Толибоннинг юқори мартабали 5 аъзосини Гуантанома ҳибсхонасидан Қатарга йўллаш америкаликларни хавф остига қўяди. Айримларга кўра, Обама жаноблари асир алмашинувга рози бўлиш билан Конгрессни 30 кун олдин огоҳ қилишга оид қонунни бузган. Аммо, президент ўз қарорини ҳимоя қилиб чиққан ва аскарни ортда қолдирмаслик "анчайин муқаддас қоида" эканини айтган.

Айни пайтда аскар Бергдалнинг 2009 йил толиблар қўлига тушишига оид тафсилотлар қоронғу қоларкан, Америка армияси бу масалани ўрганишини айтган.

Америка юқори мартабали ҳарбий зобити Генерал Мартин Демпсей ҳам агар аскар Толибон қўлига тушишидан олдин ўз хизмат нуқтасини ташлаб кетган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, деб айтган.

Асли Идаҳо штатидан бўлган аскар ҳозир Олмониядаги ҳарбий шифохонада қолмоқда, унинг аҳволи барқарорлиги айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.