Йирик Еттилик: Россия Киев билан мулоқотга бориши шарт

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Йирик Еттилик лидерлари Россияни Украина шарқидаги инқирозни бартараф этиш учун Киевдаги янги раҳбарият билан музокаралар бошлашга даъват қилган.

АҚШ президенти Барак Обама ва Буюк Британия Бош вазири Девид Камерон Москва Петро Порошенкони янги президент ўлароқ тан олиши шарт деб урғулашган.

Йирик Еттилик давлатларининг раҳбарлари Брюсселдаги саммитда Порошенко жанобларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирган.

Улар шунингдек, Киев томонидан мамлакат шарқида барқарорликни тиклашга доир ҳаракатларни “ Украинанинг конституцион ҳуқуқи” дея дастаклашган.

Йирик Еттилик раҳбарлари Россияни Украина ишларига аралашишни тўхтатиб, мамлакат шарқидаги вазиятни юмшатиш томон қадам ташлашга чақирганлар.

Россия президенти Владимир Путин Оврўпо давлатлари раҳбарлари, улар орасида Девид Камерон билан яккама-якка учрашиши кутилмоқда.

Аммо АҚШ президенти Барак Обама билан Россия раҳбарининг учрашуви режаланмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ