Тожмаҳалнинг сарғайган оқ мармари яна тозаланади

  • 8 Июн 2014

Ҳиндистонда Бобурийлар бунёд қилган дунёга машҳур Тожмаҳал ёдгорлигида пайдо бўлган сарғиш доғлар тўртинчи бор махсус лой билан тозаланади.

Археологларга кўра, ўтказиладиган амал ёдгорликнинг оқ мармари табиий шуъласи ва рангини қайтариши керак.

17 асрда қурилган Тожмаҳал деворлари охирги марта 2008 йилда тозаланган эди.

Тож Маҳал Ҳиндистоннинг шимолий Уттар-Прадеш штатида, Ямна дарёси қирғоғида жойлашган.

Ёдгорлик 1653 йил бобурий Шоҳжаҳон томонидан унинг севимли хотини Мумтоз Маҳалга атаб қурдирилган.

Тожмаҳалнинг мураккаб архитектураси- оқ мармардан, қимматбаҳо тошлар билан безатилган гумбаз ва миноралари Ҳиндистонда Бобурийлар санъатининг энг гўзал намунаси ҳисобланади.

Ҳар йили миллионлаб сайёҳлар ташриф буюрадиган Тожмаҳал 1983 йилда ЮНЕСКО томонидан халқаро мерос намунаси деб тан олинган.

Саноатлашган Агра шаҳрида атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва шовқин туфайли Тожмаҳал ўз жилвакор рангини йўқотиб бораётганлиги Ҳиндистон архиология хизматини хавотирга солади, деб айтган ушбу идора вакили жаноб Бхатнагор.

Унинг айтишича, Кимё факултетида Тожмаҳални тозалайдиган кимёвий модда ишлаб чиқариш жараёни бошланган.

Кимёвий модда таркибида ҳинд аёллари пардозида ишлатиладиган анъанавий воситалар бўлади ва у табиий чиройни қайтаришга ёрдам беради деб ишонилади.

Бхатнигорга кўра, тозаловчи моддадан иборат лой ёдгорликнинг зарарланган қисмига суртилади ва бир кеча қолдирилади.

Тозаловчи модда қуригач, юмшоқ воситалар билан ажратиб олинади ва тоза махсус сув билан артилади.

Тожмаҳалнинг оқ мармарлари 1994, 2001 ва 2008 йилларда шу тариқа тозаланган.

Сайёҳлар оқимига халақит қилмаслик учун тозалаш амалиёти олти ой давомида ўтказилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ