Британ расмийлари беш мактабни Исломни мажбуран уқтиришда айблади

Image caption Парк-вю мактабининг икки ходими у ерда радикал қарашлар тарғиб қилинганини айтганлар

Англиядаги Бирмингем шаҳрининг бешта мактабида, Британия давлат таълим тамойилларини бузган ҳолда, ўқувчиларга Исломий қарашларни мажбуран уқтирганлар. Британия ҳукуматига келиб тушган "Троя оти" номли фитна ҳақидаги хат асосида олиб борилган тергов хулосаси ана шундай.

Таълим соҳасини назорат қилувчи Ofsted ташкилоти олиб борган текширувлар асосида ёзилган ҳисоботда Бирмингемнинг 21та мактаби ҳақида сўз боради. Бирмингем шаҳрининг ҳар бешинчи яшовчиси мусулмондир.

Терговга аноним мактуб сабаб бўлган. Мактубда даъво қилинишича, Британиядаги жамиятни исломийлаштиришга бел боғлаган таълим мутасаддилари Бирмингемдаги тўртта мактабда раҳбариятнинг алмаштирилишига муваффақ бўлганлар.

Бу хатда айтилишича, мактаб директорлари ўрнини Бирмингемда Исломий тамойилларни тарғиб қилиш тарафдорлари эгаллашган.

Аввалроқ Бирмингемдаги Парк-вю мактабининг икки ходими Би-би-сига айтишларича, мажлисларда ўқувчиларга ал-Қоидага хайрихоҳ қарашларни уқтирганлар. Мактаб раҳбарияти барча айбловларни рад қилган, бироқ унинг ортидан келиб чиққан можаро Британия ҳукуматининг этиборини тортган.

Давлат расмий ҳисоботида айтилишича, бешта мактабда ўқувчилар экстремизм тарғиботидан ҳимоя қилинмаганлар.

Ofsted ташкилотининг раҳбари Майкл Уилшоуга кўра, бу мактабларда "қўрқитув ва қўрқув ҳисси ҳукм сурган".

Мазкур текширувлар билан боғлиқликда Британия Бош Вазири Девид Камерон Ofsted ташкилотидан бошқа мактабларда ҳам терговларни бошлашни сўраши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ