Лас Вегасдаги отишмада беш киши нобуд бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

АҚШнинг Лас Вегас шаҳрида икки киши икки полиция зобити ва яна бир оддий фуқарони ўлдириб, сўнг ўзларини отиб ўлдирганлар.

Якшанба куни Лас Вегасдаги пицца кафесида маҳаллий вақт билан соат 11:30да юз берган ҳодисада бир эркак ва бир аёл қуроллилар тушлик қилаётган икки полициячини отиб ўлдирганлар.

Сўнгра улар яқин орадаги Волмарт дўконига кириб яна бир кишини ўлдирганлар, кейин эса ўз жонларига қасд қилганлар.

Полиция мазкур отишмада бошқа ҳеч қандай гумондор йўқлигини айтмоқда.

"Фожеали кун"

Лас Вегас полиция бўлими шерифи Даг Гилеспи матбуот анжуманида гапира туриб, аёл ҳужумчи аввалига ўз шеригини отгани ва сўнгра ўзини ўлдирганини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қотилликлар ортида қандай сабаблар бўлгани номаълум.

Лекин, гувоҳларга кўра, ҳужумчилар "Чичи Пицца" кафесига кириб "Бу инқилоб!" дея қичқирганлар ва полициячиларни отганлар.

"Биз бу ҳужумчилар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз, ҳозирда кўпроқ маълумот йиғишга уринаяпмиз", - деди полиция воизи Ларри Ҳадфилд.

Невада штати губернатори Брайан Сандовал икки полициячи - 42 ёшли Алин Бек ва 32 ёшли Игор Солдо, ҳамда бегуноҳ оддий фуқаронинг ўлимини эшитиб юраги тилка-пора бўлганини айтди.

Хабарларга кўра, полициячилардан бири жон беришидан аввал ҳужумчиларга жавобан ўт очган, ҳамда Волмарт дўконида полициячилар ва ҳужумчилар орасида отишма келиб чиққан.

"Бу фожеали кун", - деди Шериф Гилеспи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer