Ироқнинг иккинчи энг йирик шаҳри тўла жиҳодчилар назоратига ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жиҳодчилар бир неча ҳафтадан бери Мосулда жанг олиб бораётгандилар

Ироқда жангарилар шимолдаги Мосул шаҳри устидан назоратни қўлга олиши ортидан, мамлакат бош вазири парламентдан фавқулодда вазиятни эълон қилишни сўради.

Тун оша гранатамётлар, мерган милтиқлари ва автоматик қуроллар билан қуролланган юзлаб жангарилар Мосулдаги маҳаллий ҳукумат биноларини эгаллашган.

Улар, шунингдек, бир қатор полиция биноларини вайрон қилиб, аэропорт ва ҳарбий қароргоҳни эгаллаб олганлар.

Айни дамда Бақубадаги қўшма бомба ҳужуми камида 20 одамни нобуд қилди.

Бағдоддан 60 чақирим шимолда жойлашган Дияла вилоятида ўтаётган дафн маросимини нишонга олган бу портлашлар яна 28 одамни яралаган.

Ўтган бир ҳафта ичида жиҳодчи "Ироқдаги Исломий Давлат" ва "Левант" гуруҳлари ўз иттифоқчилари билан бирга Ироқ шимоли ва ғарбидаги қатор шаҳарларда йирик ҳужумларни амалга ошириб, ўнлаб одамларни ўлдирганлар.

"Қўрқув"

Байрутдан вазиятни кузатаётган Би-би-си мухбири Жим Мюирга кўра, жангарилар бир неча ойдан бери Нинава вилояти ва унинг пойтахти Мосулни назорат қилиб, юклар ҳаракатига солиқ солаётганди ва маҳаллий расмийлардан ҳимоя пулини талаб қилиб келаётганди.

Беш кунлик жанг ортидан улар икки миллионга яқин аҳолисига эга Мосул шаҳрида энг муҳим иншоотларни ўз қўлларига олганлар.

Image caption Ироқ армиясининг қўшимча кучлари жангариларни тўхтата олмади

Душанба куни Нинава вилояти ҳокими Атил ал-Нужалифий Мосул аҳлига телевидение орқали мурожаат қилиб, уларни жангариларга қарши курашишга чақирди.

"Мен Мосул ўғлонларини келгиндиларга қарши ўз маҳаллаларини мудофаа қилишга ва ўз ҳудудларида маҳаллий қўмиталар тузиб халқни ҳимоя қилишга чақираман", - деди ҳоким.

Жаноб Нужафийнинг ўзи душанба оқшомида маҳаллий ҳукумат қароргоҳини жангарилар ишғол қилишидан сал аввалроқ ҳудуддан қочган.

Сешанба куни Мосулнинг бир неча яшовчилари ҳукумат бинолари тепасида қора жиҳодчи байроқлари ҳилпираб тургани, ҳамда жиҳодчилар овоз кучайтиргичлар орқали "биз Мосулни озод қилгани келдик ва фақат унга ҳужум қиладиганлар билан курашамиз" деб айтганини билдиришди.

"Шаҳардаги вазият жуда тартибсиз ва бизга ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Биз қўрқув остидамиз", - деб айтди маҳаллий ҳукумат ходими Умм Каром.

Мосулдаги кўп полиция биноларига ўт қўйилган. Маҳаллий телевидение орқали шаҳар бўйлаб қора тутун бурқсиб кўтарилаётгани намойиш этилган. Юзлаб тутқунлар қамоқхоналардан озод қилинганлар.

Ички ишлар вазирлиги ходими полиция ва аскарлар устбошларини ечиб қочганларини тасдиқлади. "Мосул шаҳри давлат назоратидан ташқари ва жангчилар қўлида", - деб айтган у (Франс-Пресс) AFP хабар агентлигига.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer