Ироқ: жиҳодчилар фавқулодда тезлик билан илгариламоқда

Image caption Маликий ҳукумати Ироқ шимолида назоратни бутунлай қўлдан бой берган

Ироқ парламенти Бош вазир Нури Маликийнинг ўзига фавқулодда ваколатлар бериш ҳақидаги сўрови юзасидан овоз беришни кечиктирган.

325 депутатдан бор-йўғи 128 нафари мажлисда қатнашган, холос.

Жаноб Маликий парламентдан комендантлик соати жорий этиш, фуқароларнинг ҳаракатланиши ва матбуот эркинлигини чеклаш сингари ваколатларни сўраётгани айтилади.

Бағдоддаги ҳукумат Ироқ шимолида назоратни бутунлай қўлдан бой берган.

Курд жангчилари нефтга бой Киркук шаҳридан сунний жангариларни чиқиб чиқаришганини айтишмоқда.

Чоршанба куни Мосул ва Киркук шаҳарлари "Ироқ ва Шом Исломий Давлати" қўлига ўтган эди.

Курд жангчиларига кўра, Киркукдаги ҳукумат кучлари ўз мавқеъларини ташлаб қочган.

Аввалроқ Мосулда ҳам шундай манзара кузатилганди.

Би-би-си мухбири Пол Вудга кўра, жиҳодчиларнинг катта тезлик билан илгарилаши Ироқ ҳукумати ва унинг ғарбдаги иттифоқчиларини ларзага солган.

Ёрдам

Америка Қўшма Штатлари Ироқ ҳукуматига исломий жангариларга қарши курашда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган, аммо тафсилотларни ошкор қилмаган.

АҚШ Давлат Департаменти воизи Жен Псаки Вашингтон ISIS ("Ироқ ва Шом Исломий Давлати"-таҳр.)нинг тажовузига қарши биргаликда ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ироқ ҳукумати билан ишлашга" тайёрлигини айтган.

Нью Йорк Таймснинг ёзишича, Ироқ исёнчиларни бартараф этиш учун Америка дронларини сўраган, аммо Обама маъмурияти ҳозирга қадар бу сўровни рад этиб келаётган эди.

Аввалроқ БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ироқнинг икки йирик шаҳарлари- Мосул ва Тикритга исломий жангарилар ҳужумини қоралаган.

Бирлашган Миллатларга кўра, ярим миллионга қадар одамлар уйларини ташлаб чиққан Мосулда вазият борган сари ёмонлашмоқда.

БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун халқаро ҳамжамиятни "машаққатли дамларда Ироқ билан бирдамликка" чақирган.

Хавфсизлик Кенгаши шунингдек, Мосулдаги Туркия консуллиги ходимларининг гаровга олинишини ҳам қоралаган.

Туркия Бош консули дохил, 50 яқин турк фуқаролари жангарилар томонидан ушлаб турилибди.

Мосулда жангарилар кўчаларда шиаларга хавф йўқлигини айтиб, уларни шаҳардан қочмасликка даъват қилаётганлари айтилади.

Ироқнинг ўзидан келаётган хабарларга кўра, ҳукумат кучлари жангариларнинг пойтахт Бағдоддан 110 километр шимолда жойлашган яна бир шаҳар Самаррага томон илгарилашини тўхтатиб қолган.

Ал-Қоиданинг бир тармоғи деб ишонилган (ИШИД) ва бошқа сунний мусулмон жангарилари Мосулдан сўнг чоршанба куни Саддам Ҳусайннинг туғилган шаҳри бўлган Тикритни ҳам забт этганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Ироқ ва Шом Исломий Давлати" яна бир йирик ҳужумга ҳозирланаётгани айтилади
Image caption Ярим миллион одам Мосулни ташлаб чиққан

Минтақада "сунний анклав" яратишга уринаётгани айтиладиган гуруҳ шунингдек, Сурия шарқи ва марказий ҳамда ғарбий Ироқда йирик ҳудудларни назорат қилади.

ИШИД воизи жангчиларни шиа мусулмонлари кўпчиликни ташкил этадиган Бағдод ва жанубий шаҳарлар томон юришга чақирган.

Гуруҳ шиаларни "кофирлар" деб билади.

Би-би-си мухбири Жим Муирнинг курдлар назорати остидаги Ирбил шаҳридан хабар қилишича, жангарилар ва уларнинг иттифоқчилари Мосулга қўшни ҳудудларда ўзининг жанговар кучларига эга бўлган Ироқ курдлари билан тўқнашмасликка ҳаракат қилаётган кўринадилар.

Ҳозирда жанглар тўхтаган бўлса-да, жангарилар ғарбдан йирик ҳужумга ҳозирлик кўраётганларининг белгилари мавжуд.

Ғарбда улар пойтахт Бағдоддан 69 километр узоқликдаги Фаллужа шаҳрини назорат қиладилар.

Чоршанба куни полиция биноларига ўт қўйилган, юзлаб маҳбуслар қамоқхоналардан чиқариб юборилган.

Мосул ҳокими шаҳардан қочган, армия кучлари ўз хизмат масканларини ташлаб кетганлар.

Маҳаллий фуқароларга кўра, жангарилар шаҳардаги маъмурий бинолар устига ўзларининг қора байроқларини осганлар.

Улар овоз кучайтиргичлар ёрдамида Мосулни озод қилишга келганларини эълон қилишган.

Ироқ Бош вазири Нури Маликий жангариларнинг ҳужумларини қайтариш ва ўз постларини ташлаб қочган полиция ва ҳарбийларни жазолашга ваъда берган.

Жаноб Маликий Ироқ парламентидан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилишни сўраган.

Ироқдаги мазҳаблараро урушда биргина ўтган май ойида 800 киши ўлдирилган, уларнинг 600 дан кўпи тинч фуқаролардир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002