Москва Украинадаги Россия элчихонасига ҳужумдан ғазабда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Киевдаги ўз элчихонасига шанба куни уюштирилган ҳужумни қоралаб, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзо мамлакатларига нота топширган.

Бироқ Россия элчихонасига ҳужумни муҳокама қилишга АҚШ, Британия ва Франция қарши чиққач, Хавфсизлик кенгаши Россия аризасини муҳокамасини рад қилган.

Шанба куни россияпараст бўлгинчилар Украинанинг Ил-76 ҳарбий учоғини уриб туширган, 49 киши ҳалок бўлган эди. Намойишчилар бунда Москванинг қўли бор кўришади.

14 июн, тушдан сўнг бир гуруҳ норози оломон Киевдаги Россия элчихонаси қаршисига йиғилган ва Россиянинг Украинага нисбатан сиёсатини қоралаган. Намойишчилар Россия билан дипломатик алоқаларни узишни талаб қилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Дастлаб тинч бошланган намойиш сўнгра тартибсизликларга айланган. Одамлар элчихона биносининг деярли барча ойналарини синдиришган, Россия байроғини йиртишган, дипломатик машиналарни ағдариб ташлашган ва элчихона биносига машина бўлаклари, тош ва тухумлар, ёқилғи солинган шиша идиш отишган. Бироқ ёнғин тезда бартараф этилган. Шу билан бирга, намойишчилар хавфсизлик кучлари томонидан ўзларига қаршилик кўрмаганлар.

Украина расмийлари бир неча "фаол намойишчи" қўлга олинганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги Украина халқаро мажбуриятини бажармагани, элчихона ходимлари ҳаёти хавф остига қўйилганини қоралаган ва Украина ҳукуматидан бу борада изоҳ талаб қилган. Москва "ёввойилик"ни амалга оширганлар жазоланишини ва етказилган зарар қопланишини Киевдан талаб қилмоқда.

"Халқаро тизим чокидан сўкилмоқда. Хавфсизлик кенгаши Киевдаги Россия элчилигига ҳужумни муҳокама этишни хоҳламади. Демак бундан англанилишича, энди элчихонага ҳам ҳужум қилиш мумкин эканда", деб ёзади Давлат Думасининг халқаро ишлар бўйича қўмита раиси Алексей Пушков Твиттер саҳифасида.

Якшанбага ўтар кечаси ҳам Россия элчихонаси олдида намойиш давом этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина Ташқи Ишлар вазири Андрей Дещица намойишчиларга уларни яхши тушунишини айтган, бироқ вазиятни мураккаблаштирмасликка чақирган.

Айни пайтда Украина Президенти Петр Порошенко мамлакат шарқидаги амалиётларда контрҳужумга ўтилгани, асосий эътибор чегарадаги вазиятга қаратилишини айтган. Унинг сўзларига кўра, Россия билан чегарадан бўлгинчиларга қурол-яроғ келишини тўхтатиш зарур.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002