Тони Блейр: Ироқдаги зўравонликларнинг сабабчиси биз эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блейр ҳисоблашича, Ироқдаги муаммолар кўпчилик ҳисоблагандек, 2003 йилда Британия ва АҚШ кучларининг у ерга кириб боришидан бошланмаган.

Блейр жаноблари ўз сайтида чоп этган мақоласида таъкидлайдики, Ироқда бошланган зўравонликлар Ғарбнинг Сурия инқирозига эътиборсиз қарагани оқибатидир.

"Биз ўзимизни "биз буни туғдирганимиз" ҳақидаги фикрдан халос қилишимиз лозим. Биз буни қилмаганмиз", дейди жаноб Блейр.

Британиянинг собиқ бош вазири исломий жангариларга куч билан қарши туриш керак деб ҳисоблайди. Лекин у, бу яна бир бостириб киришни англатмаслигини қайд этади.

Тони Блейр Би-би-сига берган интервьюсида Саддам Ҳусайн 2003 йилда ағдарилмаганда, Ироқ яна катта муаммолар қаршисида қолган бўларди, дейди.

Унга кўра, ҳозирги Ироқ инқирози ҳаммани ташвишлантириши керак ва Ғарб бунга қарши жиддий чора кўриши лозим.

Блейрнинг танқидчилари фикрича, ёлғон маълумотлар асосида Ироққа қўшин киритишга масъуллардан бўлган шахснинг сўзлари "жуда ғалати" ва "масъулиятни ўзидан соқит қилиш"ни англатади.

Қироллик институти вакили Майкл Стивенс Ироқ уруши ҳозирги зўравонликларнинг дояси эканини таъкидлайди.

Ўтган йил августида Британия депутатлари АҚШнинг Сурияда кимёвий қурол ишлатилганига қарши ҳаво ҳужумида қатнашиш таклифини қувватламагандилар.

Ўшанда ҳам танқидчилар Ироқ уруши сабоқларини эслатганлар.

Британия ва АҚШ кучлари 2003 йилда Ироқда оммавий қирғин қуроли борлигини асос қилиб, мамлакатга бостириб кирган пайтда Блейр Британия бош вазири эди.

Тони Блейр ўзига нисбатан айтилган танқидларни қабул қилмай, Ироққа қарши йўл тутишга етарли асос бўлганини айтиб келади.

Саддам ўз ўрнида қолганида ҳам 2011 йилга келиб Тунис, Ливия, Яман, Баҳрайн, Миср ва Суриядан ўтган "Араб баҳори" боис Ироқда янада мураккаброқ вазият юзага келарди, деб урғулайди Тони Блэр.

Айни пайтда Ироқдан келаётган хабарларга кўра, ҳукумат кучлари шиа жангарилари билан ҳамкорликда Бағдод шимолида сунний жангарилар ҳамлаларини баратараф этиб турибдилар.

Лекин Тикрит ва Мосул шаҳарлари ҳануз сунний жангарилар назорати остида қолмоқда.

Сунний жангариларга қарши курашаётган етти курд аскари ҳукумат тикучарлари уларнинг карвонини адашиб ҳужумга тутган вақти ҳалок бўлишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002