Ироқ: Жангарилар Тал Афар шаҳарчасини қўлга киритишган

Ироқ расмийлари ва маҳаллий одамларнинг айтишларича, сунний жангарилар мамлакат шимолидаги Тал Афар шаҳрини қўлга киритишган.

"Ироқ ва Шом исломий давлати" етакчилигидаги экстремистлар ўтган ҳафта Ироқ бўйлаб қатор шаҳарлар, жумладан, Мосул ва Тикритни назоратларига олишган, бироқ кейин айрим шаҳарчалар қайтариб олинганди.

Тал Афар учун жанглар якшанба куни бошланганди. Жангарилар шаҳарга кириш учун минамётларни ишга солганлар.

Ҳодиса АҚШ Эрон билан Ироқ масаласида тўғридан-тўғри мулоқотга тайёрлигини билдирган пайтга тўғри келди.

Америка Президенти Барак Обама Ироққа масаласида қандай йўл тутиш кераклигини кўриб чиқмоқда.

АҚШнинг USS George HW Bush учоқ ташувчи кемаси ва яна икки ҳарбий кема Форс кўрфазига йўл олган, бироқ Обама маъмурияти ўз пиёда аскарларини юбормаслигини айтган.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний агар Америка Ироққа қаратилган амалиётларни бошласа, ҳамкорликни кўриб чиқишини айтган.

Тал Афарда асосан шиалар ва этник туркманлар истиқомат қилишади. Шаҳар Ироқ ва Суриядаги жангарилар назорат қилувчи ҳудудлар учун чегара ҳисобланган.

Тал Афар яшовчиларидан бири Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигига боғланиб, автомат қуроллар ва қора жиҳодий байроқларини тутган жангарилар усти очиқ юк автомашиналарида кўчалар бўйлаб кезишганини айтган. Унга кўра, бу маҳал ўқ овозлари қулоққа чалиниб турган.

"Маҳаллий одамлар қўрқув ичида қолишган ва аксарият аллақачон Курд хавфсизлик кучлари назорати остидаги шаҳарчаларга қочиб чиқишган", дейди Хадер ал-Абади. У ҳам оиласи билан шаҳардан чиқиб кетишга ҳозирлигини айтади.

Ироқ ҳукумати эса сунний жангариларга қарши курашда ташаббусни қўлга олганларини айтишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002