Кенияда ўнлаб инсонлар қирғин қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи KTN Kenya
Image caption Ҳужумдан сўнг...

Кения қирғоғидаги шаҳардаги меҳмонхоналар ва полиция биносига Исломий жангарилар ҳужум қилиши ортидан 48 одам ҳалок бўлган.

Мпекетонидаги гувоҳлар отишмалар бир неча соат давом этгани ва биноларга ўт кетганини айтишган.

Бу шаҳар сайёҳлар орасида ном чиқарган Ламу оролига яқиндир.

Кения ўз қўшинлари 2011 йилда ал-Шабаб жангариларига қарши жанг қилиш учун қўшни Сомалига бостириб кирганидан бери бир қатор ҳужумларнинг саҳнаси бўлди.

Би-би-сининг пойтахт Найробидаги мухбири Юсуф Дайонинг айтишича, маҳаллий аҳоли соат 20:30да телевидение орқали футбол бўйича Жаҳон кубогини томоша қилаётган вақтда ҳужумчилар ҳамла қилганлар.

Маҳаллий яшовчиларга кўра, ҳужумчилар микроавтобусни ўғирлашган ва шаҳар бўйлаб қатор жойларга ҳужум қилганлар.

Гувоҳлар юзларини ниқоб билан қоплаган қуролли кишилар полиция биносига портловчи моддаларни отишгани, сўнгра бинога кириб қуролларни ўғирлашганини айтишди.

Ал-Шабаб кўпроқ ҳужумларни тайёрлаётгани ҳақидаги хабарлар туфайли Кения қўшинлари ҳушёрлик ҳолатига келтирилганди.

АҚШ ва Британия ҳукуматлари ўз фуқароларига Кения қирғоқларига сафар қилмасликни маслаҳат берган.

Маҳаллий полиция раҳбари Ҳаматон Муалико ҳужумчилар ҳозирда яширинганлари, бироқ полиция уларнинг ортидан тушганини айтди.

Қуролли кишилар ким экани ҳозирча номаълум, лекин Кения армияси воизи Майор Эммануэл Чирчир ҳужумчилар афтидан ал-Шабаб жангарилар эканини билдирди.

Ал-Шабаб ҳужумлар учун масъулиятни на ўз зиммасига олди, на буни рад этди.

Момбасада яшовчи журналист Бозо Женже аксар аҳолиси насронийлар бўлган Мпекетони йўлларида жасадлар ётганини айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002