Украина инқирози: Москва Киевга газ таъминотини тўхтатди

  • 16 Июн 2014
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украинага кўра, Россия Киевга газ узатишни тўхтатиб қўйган. Бу икки мамлакат ўртасидаги келишмовчиликларнинг юқори нуқтасидир.

"Украинага газ нолга туширилди", дейди Украина Энергетика вазири Юрий Продан.

Аввалроқ, Россия давлат ширкати Газпром Украина йирик миқдордаги газ қарзларини бир ёқли қилмаган экан, газ таъминоти учун ҳақни олдиндан тўлаб қўйиши кераклигини айтганди.

Газпром Украинага 1.95 миллиард долларлик қарзни тўлаши учун соат 06:00га қадар муҳлат берганди.

Россия ширкати Оврўпога газ беришни давом эттиришини айтган.

Феврал ойи Москва Қримни ўзига қўшиб олганидан бери Россия-Украина муносабатлари танг қолмоқда.

Киев Москвани мамлакат шарқидаги бўлгинчиларни дастаклашда айблайди. Россия эса, бу айбловларни рад этади.

'Чекланган имкониятлар"

"Бугун Газпром Москва вақти билан 10:00дан бошлаб, ўртадаги мавжуд келишувга асосан, Нафтогаз билан газ таъминоти учун олдиндан ҳақ тўлаш тизимига ўтади", дейилади Газпром ширкати чиқарган баёнотда.

"Бугундан бошлаб Украина ширкати тўлаган пули етадиган ҳажмда Россия табиий газини қабул қилади".

Бундан бир неча дақиқалар ўтиб-ўтмай, Газпром ҳам, Украина давлат ширкати Нафтогаз ҳам бир-бирлари устидан Стокголм маҳкамасига шикоят қилишган.

Газпром Украина бўйлаб газ таъминоти билан шуғулланувчи Нафтогаздан 4.5 миллиард ундиришни илинжида. Айни пайтда Нафтогаз 2010 йилдан бери газга ортиқча пул тўлагани учун 6 миллиард доллар истамоқда.

Мазкур ҳолат Украина, Россия ва Оврўпо Иттифоқи ўртасида инқирозни бартараф этишга қаратилган музокаралар ортидан кузатилмоқда.

"Биз келишувга эришмадик. Қайта учрашиш имконлари эса, жуда оз", деб айтган Газпром воизи Сергей Куприанов Киевда ҳафтанинг дам олиш кунлари якун топган музокаралар ортидан.

Аммо, йиғинда иштирок этган Оврўпо Иттифоқи Энергетика бўйича комиссари Гюнтер Эттингер битим юзасидан у "тушкун эмас"лигини билдирган.

У келишувга эришиш йўлида ишлашда давом этишини айтган. Бироқ, жаноб Эттингернинг Киев душанба куни 1 миллиард долларни тўлаб, қолганини бўлиб-бўлиб тўлашига оид таклифи Газпром томонидан рад этилган.

Шунингдек, расмий Украина Оврўпо Иттифоқига газ транзити бўйича мажбуриятларига содиқ қолиши, Россия эса, Оврўпога газ етказиш ваъдаларини бажаришига ишонишини айтган.

Душанба куни Газпром оврўполик истеъмолчиларга "тўла ҳажмда" газ етказишини давом эттиришини ва газ транзитини таъминлаш Украинанинг масъулиятини эканини таъкидлаган.

Аммо, мухбирлар Оврўпо Иттифоқи бетаъсир қолмаслигини айтишади.

Оврўпо Иттифоқи газ таъминотининг 15%и Украина қувурларидан ўтадиган Россия гази ташкил қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ